Жамият, Сиёсат - 15:25 · 06.05.2022

Қонли байрам: 9 майга сиёсий тус бериш ҳақида

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда 9 май — Хотира ва қадрлаш кунини турли расмий ва норасмий доираларда сиёсийлаштиришга бўлган ҳаракатларга тўхталиб, кунни сиёсийлаштирмасликка чақиргани ҳақида хабар берилган эди. «Bugun.uz» ва «Взгляд.uz» нашрларининг бирлашган таҳририяти раҳбари Бекзод Нугманов ҳар йили сана атрофида бўладиган баҳслар ҳақида фикр юритади.

Коллаж: «Bugun.uz»

Муаллифнинг ёзишича, ҳар йили 9 май арафасида бу куннинг аҳамияти, ўрни ҳақида ҳар хил қарашлар кўпая бошлайди. Кимдир бу кунни байрам сифатида нишонлаш кераклигини айтса, ким учундир бу аксинча — ҳеч қандай байрам эмас.

«Менимча ҳам шундай. Миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, миллионларнинг ўлимига сабабчи бўлган урушнинг якунини ғалаба сингари байрам қилиш, ўйлашимча, нотўғри. Чунки урушда ғолиблар бўлмайди. Урушда ҳеч қачон ҳеч бир томон ғалаба қозонмайди. Уруш фақат йўқотишлари билан тарихда из қолдиради. Биз учун, келажак авлод учун хулоса бериш мумкин бўлган воқеа сифатида қолади.

Бу куни миллионлаб одамлар, жумладан, ўзбекистонликлар шунчаки, икки ўта қайсар ва каллакесар диктаторнинг манфаатлари ортидан юзага келган қонли тўқнашувнинг қурбонига айланган. Миллионлаб оилалар отасиз, фарзандсиз, ака-укасиз қолган. Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекистон аҳолиси сони 6,5 млн бўлган, шундан 1 млн 433 минг нафари (меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60 фоизи) жанговар ҳаракатларга жалб этилган. Агар бугунги кунга тўғри келганида, бу салкам 8 млн ўзбекистонлик тақдири номаълум бўлган қонли манзилга кетишини англатарди», — дейди таҳририятлар раҳбари.

Муаллиф мақолалари: Ёпиқ қозонимиз қачон очилади?

Унинг сўзларига кўра, 9 май айнан шу каби тинчлик йўлида фидо бўлганларни қадрлаш, бугунги кун учун хулосалар чиқариш, тинчликнинг қадрига етиш учун эсланадиган кун сифатида қолиши керак. Бугун санага сиёсий тус бериб, кундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлаётганларнинг мақсади эса аниқ. Улар учун аслида бу ғалаба куни ёки урушда ҳалок бўлган боболарига плакат кўтариб ҳурмат кўрсатиш эмас. Буни тушуниш унчалик қийинмас.

«9 май бу байрам эмас! Бу хурсандчилик куни ҳам эмас. Уни сиёсийлаштириб, фетиш қилиб олиб, кўчада расмларни кўтариб юриш орқали нишонланадиган кун ҳам эмас. Бу худди ўлиб кетган додасини уйга олиб кириб қўйиб, унга сиғингандай гап, аслида», деб якунланган пост.