Жаҳон - 16:14 · 06.05.2022

Қозоғистон Конституцияси бўйича референдум бўлиб ўтади

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 5 июнь куни республика Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Akorda» хабар берди.

Фото: «kzkazan.ru»

Маълум қилинишича, «Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси референдумга қўйилади.

Фуқаролардан қонун лойиҳасида Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни қабул қилиши ёки йўқлиги бўйича савол билан мурожаат қилинади. Қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларида референдумдан бир ой олдин – 6 май куни эълон қилинади.

Аввалроқ Тўқаев Қозоғистонда бошқарув шаклини ўзгартиришни таклиф қилганди. Шунингдек, Қозоғистон президенти қандай ваколатлардан маҳрум бўлиши маълум қилинган.