Жамият - 13:07 · 06.05.2022

Сенат раиси одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ишлари бир йилда қанчага ортганини айтди

Сенатда 6 май куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда Танзила Норбоева одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ишлари бир йилда қанчага ортганини айтди, дея хабар қилмоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Қайд этилишича, Сенат раиси 2021 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ишлари 2020 йилга нисбатан 43 фоизга, айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ишлари 47,5 фоизга ортганин. Ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ижобий баҳоланган.

Хусусан, 2021 йил 1 июль куни АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган «Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маъруза»да Ўзбекистон алоҳида кузатув остидаги давлатлар рўйхатидан чиқарилиб, халқаро стандартларни тўлиқ бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошираётган давлатлар рўйхатига киритилган.

«Қайд этишимиз жоизки, Президентининг қатъий сиёсий иродаси, шунингдек, Мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти ва уч томонлама ҳамкорлар билан биргаликда, фуқаролик жамияти вакилларининг фаол иштирокида амалга оширилган кенг қамровли ишлар туфайли бундай ютуқларга эришилди.

Ушбу натижалар, инсон ҳуқуқларини таъминлашга саноатни, хусусан пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантиришга имконият яратса, бошқа томондан янада катта масъулият ҳам юклайди, соҳада тизимли ишларни амалга оширишга ундайди. Эришилган натижани сақлаб қолиш учун – соҳада тизимли ишларни изчил давом эттириш талаб этилади», — деди Сенат раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар рўйхати тузилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон одам савдосига қарши ҳисоботда юқори ўринни эгаллагани маълум қилинганди.