Жамият, Сурхондарё - 12:45 · 06.05.2022

Сурхондарёда кучли ёғингарчилик сабаб сел келди

Сурхондарё вилояти Узун туманида 5 май куни кучли ёғингарчилик сабаб сел келди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси/ Иллюстратив

Маълум бўлишича, соат 23:00 атрофида туманнинг тоғ ва адирликларида кузатилган кучли ёғингарчилик сабаб Мустақилликнинг 22 йиллиги МФЙ Тоштепа қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи каналда сув меъёридан ошиб кетган. Сув каналга яқин салкам 40 та уй, томорқа ва Деҳқон маҳалласида 15 та аҳоли томорқаларига кирган.

Aҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тоштепа қишлоғидаги 40 та хонадондан 230 дан ортиқ фуқаролар вилоят ФВБ раҳбарияти бошчилигида қутқарувчилар, ички ишлар, Миллий Гвардия ҳамда вилоят ҳокимияти масъул ходимлари билан 19-сонли умумтаълим мактабига вақтинчалик кўчириб ўтказилган.

Ҳодисада тан жароҳат олиши ҳолатлари тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Вазият Фавқулодда вазиятлар вазирлиги назоратида. Воқеа жойида хонадонма-хонадон юриб, ҳолатнинг кўлами ва талафотларни аниқлаш, махсус техникалар ёрдамида ҳодиса оқибатларини бартараф етиш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда кучли сел оқибатида уйлар ва йўлларни сув босгани ҳақида хабар берилганди. ФВВ сувда оқиб келаётган 20 ёшли фуқарони қутқариб қолган.