Жамият - 21:48 · 06.05.2022

ТИВ Ўзбекистоннинг Иттифоқ давлатига қўшилиши ҳақидаги хабар юзасидан расмий баёнот берди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Иттифоқ давлатига қўшилиши ҳақидаги хабар юзасидан расмий баёнот берди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда ҳодисаларни ёритишда холислик ва бетарафликка даъво қиладиган баъзи чет эл нашрлари айрим хорижий давлатлар раҳбарларининг Иттифоқ давлатини кенгайтириш ва унга Ўзбекистоннинг қўшилиши ҳақидаги асоссиз фикрларини тарқатишда давом этмоқда.

«Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан дўстона муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай иғвогар ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини яна бир бор таъкидлаймиз», дейилади хабарда.

Келтирилишича, Ўзбекистон ўз мустақиллиги ва суверенитетини таъминлаш мақсадида фақат миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бундан буён ҳам ўзи танлаган мустақил тараққиёт йўлида қатъий давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лукашенко Совет Иттифоқининг қулаши фожиа эканини айтганди. Шунингдек, у Ўзбекистон Россия ва Беларусь Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлигини маълум қилган. Ўзбекистон томони Лукашенконинг баёнотига муносабат билдирганди.