Жаҳон - 17:31 · 06.05.2022

Украина томони Путин 9 майда қандай баёнот беришини прогноз қилди

Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Вадим Денисенко Россия президенти Владимир Путин 9 май куни қандай баёнот билан чиқишини прогноз қилди. Бу ҳақда «УНИАН» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Расмийга кўра, ҳозирда Кремлда иккита партия, қарор қабул қилувчи иккита таъсир гуруҳи мавжуд. «Улардан бири 9 май куни Донецк ва Луганск, ҳатто Херсон вилояти ва Запорожье яқинида босиб олинган ҳудудлар аннекция қилинишини эълон қилиш кераклигини айтмоқда.

Иккинчи гуруҳ эса агар аннекция амалга оширилса, Россия бўлажак музокаралар жараёнларида ‘қаршиликка’ эга бўлмаслигини айтган», — деган Денисенко.

Шунингдек, у шу кунларда Путиннинг 9 май куни Донбасснинг Россия ҳудудига қўшилиши ҳақидаги баёноти муҳокама қилинаётганини таъкидлаган.

Аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 9 майда Россия Украинага қарши уруш эълон қилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирганди. Шунингдек, у Россия хорижий давлат раҳбарларини парадга таклиф қилмаганини тушунтирганди.