Афғонистондаги ҳарбий база учувчисиз учиш аппаратидан ўққа тутилди
Афғонистоннинг Ғазна вилоятидаги NATO’нинг собиқ ҳарбий базаси 6 май, жума куни учувчисиз учиш аппаратидан ўққа тутилди. Бу ҳақда «Al Jazeera»га таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Фото: «AP»
Маълум қилинишча, ҳужум хорижий учувчисиз учиш аппарати ёрдамида амалга оширилган. Маълумотни хавфсизлик органи тасдиқлаган. «Жума куни тунда Ғазнадаги ҳарбий базага хорижий учувчисиз самолёт ўт очди», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, «Толибон» ҳаракати оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда ҳужумга жавоб қайтарган. Отишма сабаблари аниқланмаган. Вилоятдаги «Толибон» вакиллари эса авиаҳужум бўлганини рад этган.
Эслатиб ўтамиз, 15 апрелдан 16 апрелга ўтар кечаси Покистон Афғонистоннинг Хост ва Кунар вилоятларига бир қатор авиаҳужумлар берган. Ҳаво ҳужумлари 15 апрель куни шимолий Вазиристон чегарасида 7 покистонлик аскарнинг ўлдирилиши билан боғлиқ.