Жаҳон - 9:02 · 07.05.2022

Британия Украинага расмийлар учун зирҳли машиналар юборади

Буюк Британия ҳукумати Украинага 13 та зирҳли техника жўнатади. Бу ҳақда «Интерфакс Украина» хабар берди.

Фото: «Independent»

Маълум қилинишича, зирҳли машиналар тинч аҳолини эвакуация қилиш ва ташишга мўлжалланган. Бироқ, ушбу транспорт воситаларидан Украина вазирликлари ва идораларининг мансабдор шахсларини ташишда фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, полиция ва миллий гвардия ҳам зирҳли техника билан таъминланади.

Барча автомобиллар Украинага жўнатилишидан олдин модернизация қилинади. Техникаларнинг зирҳлари пулемёт, пиёдаларга қарши мина ва қўлбола портловчи қурилмадан ҳимоя қила олади.

Аввалроқ Буюк Британия Украинага «Mastiff» ёки «Jackal» зирҳли машиналарни юбориши маълум қилинганди. Шунингдек, Британия разведкаси Украинада уруш кучайишини таъкидлаганди.