Жамият, Жаҳон - 21:00 · 07.05.2022

Бугун оқшоми. «Янги Ўзбекистон»да ўтадиган мушакбозлик, ўзини осиб ўлдирган икки қашқадарёлик вояга етмаган қиз, ҳибсга олинган Путин яхтаси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкентдаги мушакбозлик «Ғалаба боғи»да эмас, «Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтади.

salyut
Фото: «Bugun.uz»

Тошкент шаҳрида 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб байрам салюти отилади, хабарингиз бўлса керак. Ўша мушакбозликни кўпчилик пойтахтнинг Олмазор туманида жойлашган «Ғалаба боғи» мажмуасида бўлади, деб ўйлаяпти. Лекин ундай эмас (экан), Telegram’даги «Нигоҳ» канали салютлар «Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтишини маълум қилди. Отилаётган салютлар қайси маблағлар эвазига, қанчага тушгани, қайси компанияга топширилгани ва ҳоказо маълумотлар маълум эмас (буни ҳамма-ҳамма билишини хоҳлардик, чунки сифатли салютлар анча қиммат туради).

«Иссиқлик электр станциялари» қошидаги компания ўтказган тендерда жамиятга тегишли бошқа икки компания қатнашиб ғолиб бўлди. Энди тушунгандирсиз тепада нега мушакларнинг молиявий манбаси ва уни ким амалга оширгани ҳақида бош қотирганимизни?!

«Талимаржон иссиқлик электр станцияси»
Фото: «Иссиқлик электр станциялари» ахборот хизмати

«Etender.uzex.uz» порталида 5 май куни «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамиятига тегишли «Талимаржон иссиқлик электр станцияси» томонидан ўтказилган тендер бўйича маълумот жойланди. Тендер талабига кўра, ғолиб компания 2022 йил давомида «Талимаржон иссиқлик электр станцияcи»нинг энергоблокларидаги энергодвигателларнинг механизмларини таъмирлаб бориши керак бўлган.

Маълумотга кўра, тендер 15 апрель куни кўриб чиқилган бўлиб, унда «Иссиқлик электр энергиялари» АЖга тегишли ва алоқаси бор икки компания: «Ўзбекенерготаъмир» АЖ ва «Ўзенергосозлаш» МЧЖ қатнашган. «Ўзбекенерготаъмир» акциядорлик жамияти ишларни 1 миллиард 104 миллион сўмга бажаришни таклиф қилиб, ғалаба қозонган. МЧЖларнинг расмий маълумотлари ҳақида ушбу манзилга ўтиб ўқишингиз мумкин.

Тошкент-Водий йўналишларидаги поездлар икки кунга тўхтаб қолганининг сабаби маълум бўлди: Қамчиқда сел оқибатида поездни электр билан таъминловчи устун қулаган.

Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг (энди) хабар беришича, Қамчиқ довонида 4 май куни соат 21:30 да кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида поездни электр қуввати билан таъминловчи таянч устуни қулаган. Бунга Ангрен–Поп электрлаштирилган темир йўлининг 19-километрдаги «Кўл» стансиясига олиб борувчи автомобил йўлининг ювилиши сабаб бўлган.

Юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида тезкор штаб тузилиб, йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилган, электр таянч устуни ҳамда йўл остидан қўшимча сел ўтказгич қуриш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, автомобил йўлида сел, тошқин оқибатларини бартараф этиш ва ёғингарчилик сувларини беталофат ўтказиб юбориш мақсадида, сув ўтказиш иншоотларини ва кюветлар ҳам тозаланган.

Очиқлик томон яна бир қадам: Ўзбекистонда оффшор компаниялар бенефициарларини эълон қилиши мажбурий бўлиши мумкин.

Адлия вазирлиги томонидан «Охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестри тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда «охирги бенефициар мулкдор» тушунчасининг аниқ мезонлари, охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмайдиган ташкилот ва корхоналар белгиланмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Ушбу қонун қабул қилинса, айрим тадбиркорлик субъектларида (асосан оффшор зоналар ва чет эллик элементи мавжуд тадбиркорлик субъектлари) ўзларининг охирги бенефициар мулкдорларини ошкор қилиш мажбурияти бўлади (Жаҳонгир Усмонов ва «Эзгу мақсад» жамоат фонди кейси эсингиздами?).

Шунингдек, лойиҳада барча учун очиқ бўлган охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестрини шакллантириш таклиф этилмоқда. Ундаги маълумотларни камида ҳар чоракда янгилаш назарда тутилади. Реестрда ёпиқ турдаги маълумотлар (шахсга доир маълумот) ҳам бўлиши қайд этилган.

Қашқадарёдаги даҳшат: Қарши шаҳрида 14 ёшли қиз, Қамаши туманида эса 16 ёшли қиз ўз жонига қасд қилди.

Қашқадарё вилоятида кетма-кет икки кун вояга етмаган қизлар ўз жонига қасд қилди. 5 май куни қамашилик 16 яшар қиз, 6 май куни эса қаршилик 14 яшар қиз (ҳозирча) номаълум сабабларга кўра ўзини ўлдирди. Икки ҳолат ҳақида ҳам «Nasafnews» хабар берган.

Иллюстратив фото

Қамаши туманидаги 16-мактабнинг 9-синфида таҳсил олган қиз дарсдан сўнг уйига бориб, арқон билан ўзини осиб, жонига қасд қилган ва вафот этган. Маълумотларга кўра, воқеадан аввал ўқитувчилардан бири уни телефондан фойдалангани учун тергаган ва дарс вақтида телефон ишлатиш мумкин эмаслигини айтган.

Қарши шаҳридаги 35-умумий ўрта таълим мактабининг 7-синфида ўқиган 16 яшар қиз эса номаълум сабабга кўра 6 май куни 23:00 ларга ўзини осган.

Ҳозирда икки ҳолат бўйича ҳам тегишли ҳудудий прокуратураларда терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Хўш, оламда нима гап?

Путин: 9 майдаги нутқи, Алина Кабаевага қарши санкциялар, ҳибсга олинган «Шаҳризода».

«Reuters» агентлигига кўра, Россия президенти Владимир Путин 9 май арафасида «Ту-160» стратегик бомбардимончи ва «Ил-80» қўмондонлик самолётини кўрсатиб, Ғарбга «қиёмат куни» ҳақида огоҳлантириш юборади.

Фото: «РИА Новости»

Хабарга кўра, Авлиё Василий собори узра парвоз қиладиган «Ил-80» Россия президентининг мобил қўмондонлик марказига айланиши таъкидланган. Кучли технология билан таъминланган, «Қиёмат» номини олган ушбу самолёт ҳақида батафсил маълумот мавжуд эмас. Россия буни давлат сири деб ҳисоблайди.

Европа Иттифоқи Россия Миллий медиа гуруҳи раҳбари, собиқ гимнастикачи Алина Кабаевага қарши санкциялар жорий этишни таклиф қилди. Журналистлар Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқада бўлган Кабаеванинг исми кўрсатилган ҳужжат лойиҳасини қўлга киритган. Бироқ у Европа Иттифоқининг 27 аъзо давлати томонидан тасдиқланиши керак.

Фото: «Telegraph»

Ғарб давлатлари «кутилмаган жавоб»дан қўрқиб ҳали бери унга нисбатан санкция киритмаган Путиннинг «рафиқаси» — Кабаева ҳақида қисқача бу ерда ўқишингиз мумкин.

Италияда Путинга қарашли экани айтилган 700 миллион долларлик дунёдаги энг қиммат «Шаҳризода» мегаяхтаси хибсга олинди. Олиб борилган суриштирувда «Шаҳризода»нинг расмий эгаси ва Украинадаги уруш сабабли санкция остида қолган россиялик тадбиркорлар ўртасида иқтисодий ва бизнес алоқалари мавжудлиги аниқланган.

Фото: «Reuters»

Шундан сўнг Италия Иқтисодиёт ва молия вазири Даниэле Франко яхтани мусодара қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолаган. Мамлакат полицияси яхта эгасини топиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилаётганини маълум қилган.

«Шаҳризода»нинг эгаси кимлиги номаълум, бироқ АҚШ расмийлари «New York Times»га яхтанинг Путинга алоқадорлиги ҳақида маълум қилган, аммо тафсилотларни келтирмаган. Муҳолифатчи Алексей Навальнийнинг тарафдорлари ҳам уни Россия президентига алоқадорлигини айтган. Бошқа версияларга кўра, яхта «Роснефт» раҳбарларидан бири бўлган тадбиркор Эдуарду Худайнатовга тегишли бўлиши мумкин. Унга нисбатан Европа Иттифоқи санкция қўлламаган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.