Жаҳон - 8:08 · 07.05.2022

Европа Иттифоқи Алина Кабаевага қарши санкция қўлламоқчи

Европа Иттифоқи Россия Миллий медиа гуруҳи раҳбари, собиқ гимнастикачи Алина Кабаевага қарши санкциялар жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Фото: «Telegraph»

Журналистлар Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқада бўлган Кабаеванинг исми кўрсатилган ҳужжат лойиҳасини қўлга киритган. Бироқ у Европа Иттифоқининг 27 аъзо давлати томонидан тасдиқланиши керак. Иттифоқ расмийлари 2022 йил охиригача нефт импортини босқичма-босқич тўхтатиш чораларини ҳам ўз ичига олган олтинчи санкциялар пакетини муҳокама қилиши ва тасдиқлаши кутилмоқда.

Россия Миллий медиа гуруҳи холдинг компанияси бўлиб, деярли ҳар бир йирик рус оммавий ахборот воситаларида улушларга эга. Алина Кабаева ушбу компанияда директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллайди.

Маълумот ўрнида, Кабаева 2004 йилда бадиий гимнастика бўйича Олимпиадада олтин медални қўлга киритган ва 2014 йилда Сочида бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинларида байроқдор бўлган. У олти йил давомида Путиннинг «Ягона Россия» партияси вакили бўлган. 2008 йилда Москва газетаси Путин рафиқаси Людмила Александровна билан яширинча ажрашгани ва гимнастикачи билан турмуш қуришни режалаштираётганини маълум қилган. Кремл мазкур хабарни рад этган ва нашрнинг фаолиятини тўхтатган. Путин рафиқаси билан 2013 йилда, 30 йиллик никоҳдан кейин ажрашишини эълон қилган.

Аввалроқ АҚШ Путиннинг фарзандларига қарши санкциялар киритганди. Шунингдек, Франциялик фаол Путиннинг қизига қарашли виллага кирганди.