Жамият - 9:35 · 07.05.2022

«Иссиқлик электр станциялари» қошидаги компания ўтказган тендерда жамиятга тегишли бошқа икки компания қатнашиб ғолиб бўлди

«Etender.uzex.uz» порталида 5 май куни «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамиятига тегишли «Талимаржон иссиқлик электр станцияси» томонидан ўтказилган тендер бўйича маълумот жойланди.

«Талимаржон иссиқлик электр станцияси»
Фото: «Иссиқлик электр станциялари» ахборот хизмати

Маълумотга кўра, тендер 15 апрель куни кўриб чиқилган бўлиб, унда «Иссиқлик электр энергиялари» АЖга тегишли ва алоқаси бор икки компания: «Ўзбекенерготаъмир» АЖ ва «Ўзенергосозлаш» МЧЖ қатнашган.

Тендер талабига кўра, ғолиб компания 2022 йил давомида «Талимаржон иссиқлик электр станцияcи»нинг энергоблокларидаги энергодвигателларнинг механизмларини таъмирлаб бориши керак бўлган.

«Ўзбекенерготаъмир» акциядорлик жамияти ишларни 1 миллиард 104 миллион сўмга бажаришни таклиф қилиб, ғалаба қозонган.

Скрин: «Stat.uz»

«Ўзенергосозлаш» МЧЖнинг 100 фоиз акцияси «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамиятига тегишли бўлса, жамиятнинг «Ўзбекенерготаъмир» АЖга алоқадорлиги компаниянинг расмий сайтида, аффилланган шахслар рўйхатида кўрсатиб ўтилган.

Скрин: «Stat.uz»
Скрин: «Stat.uz»

Шунингдек, компания сайтида тендерни ўтказган ташкилотнинг ўзи — «Талимаржон иссиқлик электр стансияси» ҳам афилланган шахс сифатида кўрсатиб ўтилган. Яъни компания ўтказган тендерда ўзига алоқадор бўлган бошқа компаниялар қатнашиб, улардан бири ғолиб бўлган.

Ушбу компанияларни бирлаштириб турган «Иссиқлик электр станциялари» АЖнинг 100 фоиз акциялари Молия вазирлигига тегишли.

«Bugun.uz» «Талимаржон ИЕС» матбуот котиби Сайфулло Икромов билан боғланиб вазиятга изоҳ сўради. Матбуот котиби ҳозирда «Талимаржон ИЕС» иккала компаниялар билан ҳам ҳамкорликда ишлаётганини таъкидлади, аммо бироз вақт ўтиб телефон гўшагини қўйиб қўйди. Бир неча бор қайта уланишга бўлган уриниш самарасиз бўлди.

Скрин: «Stat.uz»

Қайд этиш жоизки, «Давлат харидлари тўғрисидаги қонун»нинг 10-моддасига кўра, давлат харидлари холислиги, шу жумладан, рақобатни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишга асосланган.

Шунингдек, қонунга кўра, давлат буюртмачилари давлат харидларини амалга оширишда ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, аффилланганлик (қариндошлик, ўзаро боғлиқлик) тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши керак.

Бундан ташқари, «Рақобат тўғрисидаги қонун»нинг 14-моддасида эса танлов (тендер) савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар тақиқланиши қайд этилган.