Жаҳон - 14:18 · 07.05.2022

Италияда Путинга қарашли экани айтилган «Шаҳризода» яхтаси ҳибсга олинди — фото

Италияда Россия президенти Владимир Путинга қарашли экани айтилган 700 миллион долларлик  «Шаҳризода» мегаяхтаси хибсга олинди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Италия ҳукумати 6 май куни яхтанинг Путинга қарашли экани айтилгани фонида уни музлатиб қўйишга қарор қилган. 700 миллион долларлик мегаяхта Италия молия полицияси томонидан тергов обектига айланган. Олиб борилган суриштирувда «Шаҳризода»нинг расмий эгаси ва Украинадаги уруш сабабли санкция остида қолган россиялик тадбиркорлар ўртасида иқтисодий ва бизнес алоқалари мавжудлигини аниқланган.

Шундан сўнг Италия Иқтисодиёт ва молия вазири Даниэле Франко яхтани мусодара қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолаган. Мамлакат полицияси яхта эгасини топиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилаётганини маълум қилган.

Фото: «Reuters»

Германиянинг «Luerssen» компанияси томонидан 2020 йилда қурилган 140 метрли яхтада иккита вертолёт майдончаси, сузиш ҳавзаси ва кинотеатр мавжуд. 2021 йилнинг сентябр ойидан бери яхта Марина-ди-Каррара шаҳрига кемасозлик заводига таъмирлаш учун олиб келинган. Италия ҳукуматининг хибсга олиш баёноти эълон қилинишидан олдин, 6 майда яхта сузиб кетмоқчи бўлган.

Фото: «The Sun Daily»

Италия терговига яқин манбаа яхтанинг эгасини аниқлаш осон эмаслигини айтган. «Шаҳризода»нинг эгаси кимлиги номаълум, бироқ АҚШ расмийлари «New York Times»га яхтанинг Путинга алоқадорлиги ҳақида маълум қилган, аммо тафсилотларни келтирмаган. Муҳолифатчи Алексей Навальныйнинг тарафдорлари ҳам уни Россия президентига алоқадорлигини айтган.

Бошқа версияларга кўра, яхта «Роснефт» раҳбарларидан бири бўлган тадбиркор Эдуарду Худайнатовга тегишли бўлиши мумкин. Унга нисбатан Европа Иттифоқи санкция қўлламаган.

Аввалроқ Путинга тегишли экани айтилган «Шаҳризода» яхтасининг ички қисми намойиш қилинганди. Шунингдек, Рамзан Қодировнинг Дубайда вилласи борлиги аниқланган.