Жамият - 14:45 · 07.05.2022

Ўзбекистон аҳолиси қандай касалликларга қарши эмланмоқда?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим раҳбари Дилором Турсунова Ўзбекистонда олиб борилаётган иммунизация ва вакцинация тадбирларининг аҳамияти ҳамда самарадорлиги ҳақида маълумот берди. Суҳбат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати томонидан ташкиллаштирилди.

Фото: «Bugun.uz»

Шифокорнинг таъкидлашича, аҳолини бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш ушбу хасталикларни камайтириш, инфекция ўчоқларини жиловлаш ва бартараф этишда асосий восита ҳисобланади.

«Шу сабабли мамлакатимизда Миллий профилактик эмлаш календари жорий этилган. Унга мувофиқ, 13 турдаги юқумли касалликлар — дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит В, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюенса тип Б (ХИБ) инфекцияси, бачадон бўйни саратонига қарши режали ваксинасия тадбирлари ўтказилади.

Профилактик эмлашлар учун 3 минг 138 та эмлаш пункти ажратилган. Чақалоқларни силга ва гепатит В га қарши эмлаш эса туғуруқ комплексларида амалга ошириб келинмоқда.

Муҳими, сўнгги йилларда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлашлар билан қамраб олиш даражаси 95-98 фоизни ташкил этяпти. Мамлакатимизда 2003 йилдан буён эмлашдан сўнг ножўя ҳолатлар рўйхатга олингани йўқ.

Муҳими, иммунизасия тадбирларининг мунтазам ва самарали олиб борилиши натижасида 1996 йилдан буён республикамизда ёввойи полиовируслар келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллиги тугатилди ва Ўзбекистон 2002 йилда “Полиомиелитдан холи ҳудуд”, 2017 йилда эса “Қизамиқ ва қизилчанинг 36 ойлик элиминасиясига эришган ҳудуд” номли халқаро сертификатларни олишга муваффақ бўлди», — дейди Дилором Турсунова.