Жамият - 17:43 · 07.05.2022

Ўзбекистонда оффшор компаниялар бенефициарларини эълон қилиши мажбурий бўлиши мумкин

Адлия вазирлиги томонидан «Охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестри тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, унда «охирги бенефициар мулкдор» тушунчасининг аниқ мезонлари, охирги бенефисиар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмайдиган ташкилот ва корхоналар белгиланмоқда.

Айрим тадбиркорлик субъектларига (асосан оффшор зоналар ва чет эллик элементи мавжуд тадбиркорлик субъектлари) ўзларининг охирги бенефициар мулкдорларини ошкор қилиш мажбурияти юкланмоқда.

Шунингдек, барча учун очиқ бўлган охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестрини шакллантириш таклиф этилмоқда. Ундаги маълумотларни камида ҳар чоракда янгилаш назарда тутилмоқда. Реестрда ёпиқ турдаги маълумотлар (шахсга доир маълумот) ҳам бўлиши назарда тутилмоқда.

«Хулоса қилиб айтганда, охирги бенефициарларга нисбатан талабларни белгилаш, уларнинг реестрини юритиш ва унинг очиқ бўлишини таъминлаш ривожланган давлатларнинг очиқлик ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги энг сўнгги тендендиялардан бири ҳисобланади.

Лойиҳа қабул қилиниши мамлакатда бизнес муҳитини ривожланган давлатлар стандартлари даражасига олиб чиқишга, коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишни кучайтиришга, шунингдек, соҳада жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга кучли пойдевор яратади», дейилади вазирлик хабарида.