Жамият - 20:15 · 07.05.2022

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш соддалаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг 6 май кунги қарори билан «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, вилоят ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан такроран танловда ҳам ғолиб аниқланмаган ерлар бўйича унинг майдони, ихтисослигини ўзгартириб талаб юқори бўлган бошқа йўналишларга очиқ танлов ўтказади.

Фуқаролардан ерни танловга чиқариш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун 3 иш кунида таклиф тушган ерни ўрганади. Илгари 5 иш кунида эди.

Шунингдек, танловга чиқариш учун мўлжалланган ерни ваколатли органлар билан келишиш муддати ҳам 5 кундан 3 кунга қисқартирилди.

Танловга чиқарилган ерни олмоқчи бўлган талабгорлар 2022 йил 1 мартдан кейин хориждан келган меҳнат мигрантлари бўлса, БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм) миқдоридаги закалат пулини тўлашдан озод этилади. Илгари мазкур имтиёз фақат ижтимоий дафтарларга киритилганларга татбиқ этилган.

Эслатиб ўтамиз, 25 март куни «Пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинганди. Унга кўра, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларга субсидия ажратилади.