Қамчиқда сел оқибатида поездни электр билан таъминловчи устун қулади — видео
Қамчиқ довонида 4 май куни соат 21:30 да кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида поездни электр қуввати билан таъминловчи таянч устуни қулади. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ангрен–Поп электрлаштирилган темир йўлининг 19-километрдаги «Кўл» стансиясига олиб борувчи автомобил йўлининг ювилиши оқибатида поездни электр қуввати билан таъминловчи таянч устуни қулаган.
Юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида тезкор штаб тузилиб, «Қамчиқ» МҚЁҚБ ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус авария-тиклаш бригадаси ва муҳандислик техникалари билан йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, электр таянч устуни, ҳамда йўл остидан қўшимча сел ўтказгич қуриш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, автомобил йўлида сел, тошқин оқибатларини бартараф этиш ва ёғингарчилик сувларини беталофат ўтказиб юбориш мақсадида, сув ўтказиш иншоотларини ва кюветларни тозалаш тадбирлари олиб борилган. Довон ҳудудида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш тадбирлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент–Ўш халқаро автомобил йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган 206-километрида 4 май куни сел оқимлари кузатилганди. Шу сабабли довон йўли вақтинча ёпилган. Довон 5 май куни соат 00:12 да автомобиллар ҳаракати учун қайта очилган.