Жаҳон - 17:11 · 07.05.2022

Қайси давлатлар Россия газидан воз кечиши мумкин?

Шимолий Македония, Нидерландия ва Сербия Россия газини сотиб олишдан бош тортган навбатдаги давлатларга айланиши мумкин. Бу ҳақда «Vygon Consulting» компанияси (Россия ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш бўйича мустақил конслатинг) тадқиқот директори Мария Белова «РИА Новости»га маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Польша ва Болгария биринчилардан бўлиб газни рублда тўлашдан бош тортган. Кейинчалик Финляндия ҳам газ учун тўловни рублда амалга оширмаслиги ҳақида хабар тарқалган. 27 апрел куни «Газпром» Болгариянинг «Булгаргаз» компанияси ва Польшанинг «PGNiG» ширкатларига газ экспортини тўхтатган.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, 2022 йил охирида Польша ва Болгария ўртасида Россия газини сотиб олиш бўйича узоқ муддатли шартномалар муддати тугайди. Ваҳоланки, икки йил аввал Польша шартномани узайтирмаслигини билдирган.

«2022 йилда Шимолий Македония, Нидерландия, Сербия ва бир қатор немис компаниялари билан келишувлар муддати тугайди. Шу боис улардан бири билан ҳамкорлик тугаши мумкин», — дейди Мария Белова.

Маълумот ўрнида, 23 март куни Россия президенти Владимир Путин Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Россияга нисбатан чеклов ўрнатган давлатларга газ етказиб бериш учун тўлов рублга ўтказилишини эълон қилган. Кейин у тегишли фармонни имзолаган ва агар «дўст бўлмаган давлатлар» 1 апрелдан рублда тўламаса, Россия буни газ шартномалари бўйича мажбуриятни бажармаслик деб ҳисоблашини айтган.