Жаҳон - 10:08 · 07.05.2022

Рамзан Қодировнинг 2021 йилги даромади маълум бўлди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 2021 йилда 26,5 миллион рублдан ортиқ даромад топди. Бу ҳақда унинг даромадлари тўғрисидаги декларацияга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, мазкур миқдор 2020 йилга нисбатан 14 баравар кам ҳисобланади. Декларацияда Қодиров 2344,3 квадрат/метрдан иборат турар-жой биноси, 3668 ва 28 361 квадрат/метрдан иборат иккита ер участкасига эгалик қилиши келтирилган.

Чеченистон раҳбари, унинг рафиқаси ва 11 нафар вояга этмаган болалари 300 квадрат/метр бўлган турар-жой биносидан фойдаланади. Декларацияда Рамзан Қодировнинг шахсий транспорти йўқлиги таъкидланган.

Чеченистон раҳбарининг рафиқаси 2021 йилда 1,5 миллион рублдан кўпроқ даромад топган. Шунингдек, у майдони 209,8 квадрат метр бўлган квартирага эгалик қилади. 2020 йилда Қодировнинг даромади 381 миллион рублни, рафиқаси эса 1,5 миллион рублни ташкил қилган.

Аввалроқ Байден ва унинг рафиқаси 2021 йилда қанча даромад топгани маълум қилинганди. Шунингдек, Путин 2021 йилда қанча пул ишлаб топгани аниқланган. Зеленскийнинг даромадлари тўғрисидаги декларация текширилган.