Жамият - 13:45 · 07.05.2022

Тошкентдаги қайси боғда байрам салюти отилиши маълум бўлди

Тошкент шаҳрида 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб байрам салюти отилиши ҳақида хабар берилганди. Телеграмдаги «Нигоҳ» канали мушакбозлик ўтказиладиган ҳудуд ҳақида маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, байрам салюти 9 май куни соат 21:00 пойтахтдаги «Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилади. Қатор ОАВда салют Ғалаба боғида ташкил этилиши ҳақида тарқалаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Шунингдек, «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида Иккинчи жаҳон урушига битта оиладан икки ва ундан ортиқ сафарбар этилган фарзандларга бағишланган «Ватан учун жон фидо қилганлар ёди мангу барҳаёт» номли экспозиция яратилган.

Аввалроқ Ўзбекистон бўйлаб 9 май куни ҳарбий парадлар ўтказилмаслиги ҳақида хабар берилганди.