Жамият, Жаҳон - 22:14 · 07.05.2022

Зеленскийнинг навбатдаги мурожаати ва аукционда сотилган кийими, Путиннинг ҳибсга олинган яхтаси

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 6 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Фокус»

Владимир Зеленский Украина ҳалқига навбатдаги мурожаатини йўллади. Мурожаат видеоси президентнинг Telegram каналида эълон қилинган.

«Россия қўшинлари ҳудудимизни ўққа тутишда давом этмоқда, жумладан, ракета ва ҳаво ҳужумлари уюштирилди. Мен барча фуқароларимиздан, айниқса шу кунларда ҳаво ҳужуми сигналларини эътиборсиз қолдирмасликларини сўрайман. Илтимос, бу сизнинг ҳаётингиз, болаларингизнинг ҳаёти.

Биз БМТ ва Қизил Хоч воситачилигида Мариуполдан эвакуация миссиясини давом эттирмоқдамиз. Биз ҳамон «Азовсталь»да қолаётган ҳарбийларимизни қутқариш учун дипломатик вариантлар устида ишлаяпмиз. Нуфузли воситачилар, нуфузли давлатлар жалб қилинган», — деган Зеленский ўз мурожаатида.

Италияда Россия президенти Владимир Путинга қарашли экани айтилган 700 миллион долларлик  «Шаҳризода» мегаяхтаси хибсга олинди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Италия ҳукумати 6 май куни яхтанинг Путинга қарашли экани айтилгани фонида уни музлатиб қўйишга қарор қилган. 700 миллион долларлик мегаяхта Италия молия полицияси томонидан тергов обектига айланган. Олиб борилган суриштирувда «Шаҳризода»нинг расмий эгаси ва Украинадаги уруш сабабли санкция остида қолган россиялик тадбиркорлар ўртасида иқтисодий ва бизнес алоқалари мавжудлигини аниқланган.

Шундан сўнг Италия Иқтисодиёт ва молия вазири Даниэле Франко яхтани мусодара қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолаган. Мамлакат полицияси яхта эгасини топиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилаётганини маълум қилган.

Германиянинг «Luerssen» компанияси томонидан 2020 йилда қурилган 140 метрли яхтада иккита вертолёт майдончаси, сузиш ҳавзаси ва кинотеатр мавжуд. 2021 йилнинг сентябр ойидан бери яхта Марина-ди-Каррара шаҳрига кемасозлик заводига таъмирлаш учун олиб келинган. Италия ҳукуматининг хибсга олиш баёноти эълон қилинишидан олдин, 6 майда яхта сузиб кетмоқчи бўлган.

Италия терговига яқин манбаа яхтанинг эгасини аниқлаш осон эмаслигини айтган. «Шаҳризода»нинг эгаси кимлиги номаълум, бироқ АҚШ расмийлари «New York Times»га яхтанинг Путинга алоқадорлиги ҳақида маълум қилган, аммо тафсилотларни келтирмаган. Муҳолифатчи Алексей Навальныйнинг тарафдорлари ҳам уни Россия президентига алоқадорлигини айтган.

Бошқа версияларга кўра, яхта «Роснефт» раҳбарларидан бири бўлган тадбиркор Эдуарду Худайнатовга тегишли бўлиши мумкин. Унга нисбатан Европа Иттифоқи санкция қўлламаган.

Киев яқинидаги Ирпен шаҳрида уруш пайтида вайрон бўлган темир йўл кўприги қайта тикланди. Бу ҳақда шаҳар мери хабар берди.

«Бугун шаҳар вокзалига бир неча ҳафта ичида биринчи марта электр поезди келди» — деб ёзган шаҳар мери Александр Маркушин ўзининг Telegram каналида.

Украина президенти Владимир Зеленскийнинг устки кийими Лондондаги хайрия аукционида 90 минг фунт стерлингга сотилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Маълум бўлишича, лотнинг бошланғич нархи 50минг фунт стерлинг бўлган.

Фото: «РБК»

Россиянинг Москва шаҳридаги Қизил майдонда «Ғалаба паради»нинг репетицияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Қайд этилишича, унда 33 та тантанали пиёда колоннасида 11 минг нафар ҳарбий хизматчи қатнашган.

Украинанинг Одесса шаҳрига олтита ракета билан ҳужум қилинди. Бу ҳақда Одесса вилояти ҳарбий бошқармаси спикери Сергей Братчук ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

«Тўртта ракета инфратузилма объектига келиб урилди. Қурбонлар ҳақида маълумотлар аниқланмоқда. Иккита ракета аввал вайрон қилинган учиш-қўниш йўлагига (Одесса аэропортига) келиб тушди», — деб ёзган Братчук.