Афғонистондан Тожикистонга 7 та ракета учирилгани хабар қилинди
Афғонистонда «Толибон» ҳаракати аъзолари ҳамда террорчилик ташкилоти ўртасидаги қуролли тўқнашув оқибатида ракеталар тасодифан Тожикистон ҳудудига ўтди. Бу ҳақда «Ховар» ахборот агентлиги хабар берди.
Фото: «Bugun.uz»/ Иллюстратив
Маълум қилинишича, 7 май куни соат 11:45 да Тохар вилоятининг Хўжагор туманида «Толибон» ҳаракати ва «ИШИД» халқаро террорчилик ташкилоти аъзолари ўртасида қуролли тўқнашув юз берган. Ушбу ҳудуд Тожикистон давлат чегараси яқинида жойлашган бўлиб, снарядлар тасодифан мамлакат ҳудудини кесиб ўтган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳозирда «Толибон»нинг тегишли тузилмалари Тохар вилоятининг Хўжагор туманида террорчи гуруҳларни аниқлаш ва зарарсизлантириш бўйича чоралар кўрмоқда. Тожикистон Давлат хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари бўлинмалари тўлиқ жанговар шай ҳолатга ўтказилган.