Жаҳон - 22:02 · 08.05.2022

АҚШ биринчи хонимининг кутилмаган ташрифи, Россия нефти борасида ЕИга қарши чиққан Венгрия ва G7 саммитига таклиф қилинган Зеленский

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 8 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

АҚШнинг биринчи хоними Украинага ташриф буюрди

АҚШ биринчи хоними Жилл Байден кутилмаганда Украинага ташриф буюрди ва Украина биринчи хоними Елена Зеленская билан учрашди. Шунингдек, Ужгород шаҳридаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли уйини ташлаб кетган украиналикларни вақтинчалик қабул қилиш марказига айланган мактабга ташриф буюрди. Айни дамда бошпанада 163 киши бўлиб, улардан 47 нафари болалардир.

«Мен оналар кунида келмоқчи эдим. Ўйлайманки, Украина халқига бу уруш тўхташи кераклигини, бу шафқатсиз уруш эканлигини ва АҚШ фуқаролари Украина халқини қўллаб-қувватлашини кўрсатиш муҳим», — дейди Жилл Байден.

Венгрия ЕИнинг доимий вакиллари йиғилишида Россия нефтига нисбатан эмбаргони рад этди

Европа Иттифоқи доимий вакилларнинг 8 май куни бўлиб ўтган йиғилишида яна Венгрия туфайли Россияга қарши янги санкциялар бўйича келиша олмади. Мамлакат Европа Иттифоқининг Россия нефтини етказиб беришни тақиқлаш қарорини рад этишда давом этмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» аноним манбаларга таяниб хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, муҳокама чоғида Иттифоқ аъзолари Венгрия вакилларини янги санкциялар шартларига рози бўлишга кўндира олмаган. Чекловларни муҳокама қилиш яқин кунларда давом этади.

Владимир Зеленский G7 саммитига таклиф қилинди

Бу ҳақда президент девони хабар берди. «Айтишимиз мумкинки, йиғилиш якунлари бўйича жуда кучли умумий баёнот қабул қилинади, унда нафақат Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватловчи умумий иборалар, балки ўта аниқ ҳаракатлар эълон қилинади», дейилади хабарда.

Президент девонининг раҳбари Андрей Ермакнинг айтишича, у баёнотнинг тафсилотларини ҳозирча ошкор қила олмайди. «Лекин шуни таъкидламоқчиманки, бутун цивилизация дунёси мустақиллигимизни, ҳудудий яхлитлигимизни, иқтисодий ва энергетик хавфсизлигимизни қўллаб-қувватламоқда. Украина тезда тикланади. Бу даҳшатли, адолациз ва қонли урушни бошлаган мамлакат учун эса оқибатлари жуда ва жуда ачинарли бўлади», — дейди у.

ЕИ давлатларга бир-бирлари билан газ бўлишиш мажбуриятини юклаш режаларини тайёрламоқда

Испаниянинг «El Pais» газетасининг ёзишича, агар Россия газ етказиб беришни тўхтатса, ЕИ раҳбарияти Европа Иттифоқига аъзо бўлган давлатларни бир-бири билан газ бўлишиш мажбуриятини олишни режалаштирмоқда.

Нашрнинг ёзишича, бу Еврокомиссия 18 май куни тақдим этадиган етказиб бериш тўхтатилган тақдирда амалга ошириладиган ҳаракат режасининг бандларидан биридир. Тахминларга кўра, етарли энергия захиралари ва таъминотнинг муқобил манбаларига эга бўлган давлатлар газни баҳам кўради.

Путин украиналикларга «тинч ва адолатли келажак» тилади

Россия президенти Владимир Путин украиналикларни Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг «умумий буюк байрами» билан табриклаб, уларга «тинч ва адолатли келажак» тилади. Украина фуқаролари, жумладан, уруш фахрийлари номига йўлланган табриклар Кремл сайтида эълон қилинди.

Путин ўз мурожаатида нацистларнинг «мафкуравий меросхўрлари қайта тикланишга йўл қўймаслик»ни «муқаддас бурч» деб таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, энди «нацизм яна бошини кўтариб, ўзининг ваҳший, ғайриинсоний тартибини жорий этишга уринмоқда».

«Улуғ Ватан урушида қатнашган украиналик фахрийларга чин дилдан маънавий бардош, мустаҳкам соғлик ва узоқ умр, Украинанинг барча аҳолисига эса тинч ва адолатли келажак тилайман», дейилади мурожаатда.

Буюк Британия Украинага 1,3 миллиард фунт стерлинг миқдорида ҳарбий ёрдам беради

Британия Украинага 1,3 миллиард фунт стерлинг миқдорида ҳарбий ёрдам беради. Унга мамлакат бош вазири Борис Жонсон томонидан илгари эълон қилинган 300 миллион фунт стерлинглик қуроллар киради.

Британия ҳукуматининг таъкидлашича, ҳарбий можарога сарфланган маблағ мамлакат учун Ироқ ва Афғонистондаги кампанияларда сарфланган маблағ билан таққослаганда энг юқори кўрсаткичдир.