Жаҳон - 10:11 · 08.05.2022

Британия Украинага қўшимча молиявий ёрдам беради

Британия ҳукумати Украинага 1,3 миллиард фунт стерлинг миқдорида қўшимча молиявий ёрдам пакетини ажратади. Бу ҳақда «Telegraph» нашрига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «AFP»

Маълум бўлишича, молиявий ёрдам бўйича Британия Молия вазири Риши Сунак гаририб ўтган.

«Биз Украина халқини қўллаб-қувватлашда қатъиймиз ва бу қўшимча 1,3 миллиард фунт стерлинг уларга зарур бўлган ҳарбий ва оператив ёрдамни кўрсатишда давом этишимизни таъминлайди», — деган вазир.

Сунакнинг қўшимча қилишича, қироллик «можарога чек қўйиш» мақсадида Украинага иқтисодий, гуманитар ва мудофаа ёрдами кўрсатмоқда.

Нашрнинг ёзишича, маблағ Британия заҳираси маблағларидан ажратилади. Ёрдам пакети аввалроқ эълон қилинган, Британия бош вазири Борис Жонсон таъкидлаган электрон уруш ускуналари, батареяга қарши радар, минглаб тунги кўзойнакларни ўз ичига олувчи 300 миллион фунт стерлинг миқдоридаги ҳарбий ёрдамини ҳам назарда тутади. Таъкидланишича, Жонсон қурол ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари билан учрашиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш масаласини муҳокама қилади.

Аввалроқ Британия Украинага расмийлар учун зирҳли машиналар юбориши хабар қилинганди. Шунингдек, Украина бу мамлакатдан «Mastiff» ёки «Jackal» зирҳли машиналарни олиши маълум қилинган.