Жамият, Жаҳон - 21:00 · 08.05.2022

Ҳафталик дайжест. Ўзбек–қирғиз чегарасидаги отишма, ТИВнинг Лукашенко гапларига жавоби, Сўз эркинлиги индексида юқорилаган Ўзбекистон

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Ушбу ҳафта муборак байрам — Рамазон ҳайити билан бошланди. Мухбиримиз эса пойтахтдаги масжидлардан бирида бўлиб, фоторепортаж тайёрлади.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

«Bugun.uz» фотомухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров пойтахтдаги Ҳазрати Имом масжидида бўлиб, байрам шукуҳини суратларга муҳрлади: Тошкент шаҳрида ўқилган ҳайит намози — суратларда. Дайжестнинг асосий қисмига ўтишдан олдин ушбу фотогалереяни кўришингизни тавсия қиламиз.

«Чегара билмас мухбирлар»дан ҳайитлик: Ўзбекистон Сўз эркинлиги индексида 24 поғона юқорилади.

3 май — сўз эркинлиги куни. Ҳар йили шу куни «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индекси эълон қилинади. Бу йилги рейтингда Ўзбекистонда 24 ўринга юқорилаб, 180 та давлатни ичида 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилган.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон бундай сезиларли «сакраш»га айнан нима сабабдан эришгани қайд этилмаган, аммо соҳадаги камчиликлар ва муаммолар (масалан, Отабек Сатторий «иши») алоҳида қайд этилган.

Эътиборли (ва кутилган) жиҳати шундаки, бу йил Россия ушбу рейтингда деярли Ўзбекистоннинг ўтган сафарги ўрнига — 155-ўринга тушиб кетган (ўзи жа юқорида ҳам бўлмаган, 2021 йилда 150-ўринда эди, ўтган йили унинг ҳозирги ўрнида қўшнимиз — Қозоғистон бўлган, ҳозир улар биздан юқорироқ — 122-ўринда). Ташкилотнинг ҳисоботига кўра, Россияда «ҳукумат ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатган, оммавий ҳарбий цензурани жорий қилган, оммавий ахборот воситаларини тўсиб қўйган». Бундан келиб чиқадики, мамлакатдаги ҳозирги (сўз эркинлигига оид) ҳолат Ўзбекистондагидан яхшироқмиди — индексда шундай кўринади.

Ҳавас қиларли кучли учлик қуйидагича: Норвегия, Дания ва Швеция. Энг сўнгги ўринлардаги трио эса бизга анча таниш: Эрон, Эритерия ва Шимолий Корея.

Ниятимиз: ҳар соҳасада, ҳар жабҳада мартабамиз ростмонасига улуғ бўлсин, ҳар доим Ўзбекистон етакчилардан бўлсин, реал иқтисодий ўсиш, интеллектуал жиҳатдан юксалиш ва фаровонликка (ва албатта, бунинг ортида сўз эркинлигига ҳам эришиш) эришиш насиб қилсин.

Ва ниҳоят: Ўзбекистон ОТМларига киришда бериладиган имтиёзлар умумий квотадан ажратилиши мумкин.

Президентнинг тегишли қарори (унда коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш назарда тутилади) билан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган имтиёзларни хатловдан ўтказиб, уларни қайта кўриб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек (ва энг асосийси), имтиёзларни ягона ҳужжатда қатъий рўйхатини шакллантириш ҳамда умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланиши мумкин. Бунда муассасаларга ўқишга киришда имтиёзлар беришни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда электрон платформа орқали амалга оширилишини йўлга қўйиш режалаштирилган. Шу билан бирга, ўқишга киришда имтиёзлар беришнинг шаффоф тартиби белгиланади (шундай бўлсин ҳам, бўлиши керак ҳам).

Шу жойида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовдан иқтибос келтиришни жоиз топдик: «Истисно ва имтиёзлар — кулранг схемалар ва коррупцион ҳолатлар учун айни муддао».

Чегаралардаги отишма: Афғонистон билан чегарадаги отишма рад этилди, Қирғизстон билан сарҳадларда 3 нафар қирғизистонлик отилди.

Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида отишма содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги буни рад этди.

Фото: «Bugun.uz»

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги ўзбек–қирғиз чегарасида 5 май куни Ўзбекистон чегарачилари 3 нафар (1974, 1998, 2000 йилларда туғилган) Қирғизистон фуқаросини отди. Улар шундан сўнг Қирғизистондаги шифохонага ётқизилган ва ўша ерда вафот этган. Давлат хавфсизлик хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Унга кўра, 5 май куни ўзбек–қирғиз чегарасининг Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтилаётгани ўзбек чегара нарядлари томонидан кузатилган ва ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.

Фото: «Sputnik»

Уларни қўлга олиш вақтида қоидабузарларнинг бир гуруҳи (улар кўпчилик бўлган) ўзбекистонлик хизматчиларга куч ишлатиб, қуролларини олиб қўймоқчи бўлган. Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлган. Оқибатда 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган. Кейин юқоридаги сценарий содир бўлган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан 6 май куни Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эртага — 9 май — Хотира ва қадрлаш куни. «Янги Ўзбекистон боғи»да салютлар отилади. Кунни сиёсийлаштирмаслик сўралди.

Тошкент шаҳрида 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб байрам салюти отилади, хабарингиз бўлса керак. Ўша мушакбозликни кўпчилик пойтахтнинг Олмазор туманида жойлашган «Ғалаба боғи» мажмуасида бўлади, деб ўйлаяпти.

salyut
Фото: «Bugun.uz»

Лекин ундай эмас (экан), Telegram’даги «Нигоҳ» канали салютлар «Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтишини маълум қилди. Отилаётган салютлар қайси маблағлар эвазига, қанчага тушгани, қайси компанияга топширилгани ва ҳоказо маълумотлар маълум эмас (буни ҳамма-ҳамма билишини хоҳлардик, чунки сифатли салютлар анча қиммат туради).

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда 9 май — Хотира ва қадрлаш кунини турли расмий ва норасмий доираларда сиёсийлаштиришга бўлган ҳаракатларга тўхталиб, ундай қилмасликка чақирди. Ҳаракат боёнотида бунга учта сабаб келтирилган.

Фото: «Bugun.uz»

«Биринчидан, ушбу кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қонли Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ярим миллиондан зиёд ўзбекистонликларнинг руҳи хотирланади.

Иккинчидан, 9 май — фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилган ўзбек халқининг бағрикенглигини англаш ва қадрлаш куни.

Учинчидан, бу кунда Жаҳон урушидан олдин ва кейинги тарихда Ватан тинчлиги ва равнақи учун жонини фидо қилган барча аждодлар хотирланади. Ҳаёт бўлганларига эса ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади, қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади».

«Шунинг учун 9 май санасини ортиқча сиёсийлаштирмаслик, андозалаштиришга берилмаслик, вазмин ва жамиятимиз қадриятларига таянган ҳолда нишонлаш энг тўғри ва маъқул йўлдир», дейилади ҳаракат хабарида.

Ва яна бир катта илтимос ва тавсия: ҳозирги пайтда Россиянинг Украинадаги «махсус операция»си рамзи бўлиб турган «Z» ва «V» шаклларидан ҳам фойдаланманг. Босқинни қўллаб-қувватламанг. Zолим бўлманг.

Узоқ кутилган чиқиш: ТИВ Ўзбекистоннинг Иттифоқ давлатига қўшилиши ҳақидаги хабар юзасидан расмий баёнот берди.

Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистон ўз мустақиллиги ва суверенитетини таъминлаш мақсадида фақат миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бундан буён ҳам ўзи танлаган мустақил тараққиёт йўлида қатъий давом этади.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Аммо, шунга қарамай, сўнгги вақтларда ҳодисаларни ёритишда холислик ва бетарафликка даъво қиладиган баъзи чет эл нашрлари айрим хорижий давлатлар раҳбарларининг Иттифоқ давлатини кенгайтириш ва унга Ўзбекистоннинг қўшилиши ҳақидаги асоссиз фикрларини тарқатишда давом этмоқда.

«Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан дўстона муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай иғвогар ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини яна бир бор таъкидлаймиз», дейилади хабарда.

Баёнот берилди, расмий жавоб берилди, ҳарқалай, беларуслик Лукашенконинг асоссиз гаплари расмий даражада жавобсиз қолгани йўқ, худди олдингиси билан бўлгани каби.

Очиқлик томон яна бир қадам: Ўзбекистонда оффшор компаниялар бенефициарларини эълон қилиши мажбурий бўлиши мумкин.

Адлия вазирлиги томонидан «Охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестри тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда «охирги бенефициар мулкдор» тушунчасининг аниқ мезонлари, охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмайдиган ташкилот ва корхоналар белгиланмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Ушбу қонун қабул қилинса, айрим тадбиркорлик субъектларида (асосан оффшор зоналар ва чет эллик элементи мавжуд тадбиркорлик субъектлари) ўзларининг охирги бенефициар мулкдорларини ошкор қилиш мажбурияти бўлади (Жаҳонгир Усмонов ва «Эзгу мақсад» жамоат фонди кейси эсингиздами?).

Шунингдек, лойиҳада барча учун очиқ бўлган охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестрини шакллантириш таклиф этилмоқда. Ундаги маълумотларни камида ҳар чоракда янгилаш назарда тутилади. Реестрда ёпиқ турдаги маълумотлар (шахсга доир маълумот) ҳам бўлиши қайд этилган.

Қашқадарёдаги даҳшат: Қарши шаҳрида 14 ёшли қиз, Қамаши туманида эса 16 ёшли қиз ўз жонига қасд қилди.

Қашқадарё вилоятида кетма-кет икки кун вояга етмаган қизлар ўз жонига қасд қилди. 5 май куни қамашилик 16 яшар қиз, 6 май куни эса қаршилик 14 яшар қиз (ҳозирча) номаълум сабабларга кўра ўзини ўлдирди. Икки ҳолат ҳақида ҳам «Nasafnews» хабар берган.

Иллюстратив фото

Қамаши туманидаги 16-мактабнинг 9-синфида таҳсил олган қиз дарсдан сўнг уйига бориб, арқон билан ўзини осиб, жонига қасд қилган ва вафот этган. Маълумотларга кўра, воқеадан аввал ўқитувчилардан бири уни телефондан фойдалангани учун тергаган ва дарс вақтида телефон ишлатиш мумкин эмаслигини айтган.

Қарши шаҳридаги 35-умумий ўрта таълим мактабининг 7-синфида ўқиган 16 яшар қиз эса номаълум сабабга кўра 6 май куни 23:00 ларга ўзини осган.

Ҳозирда икки ҳолат бўйича ҳам тегишли ҳудудий прокуратураларда терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.