Мудофаа вазирлиги жамоаси «Дог биатлон» мусобақасида ғолиб бўлди — видео
Шунингдек, вазирлик вакиллари бир қатор номинацияларда ҳам фахрли ўринларни эгаллади
Мудофаа вазирлиги жамоаси 7 май куни якунига етган «Дог биатлон» мусобақасида ғолиб бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Bugun.uz»га маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги мутахассис ва хизмат итларини тайёрлаш марказида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ўртасида 4 май куни бошланган «Дог биатлон» мусобақаси 7 май куни якунига етган.
9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган мазкур мусобақада Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ҳамда Давлат божхона қўмитаси жамоалари ўз хизмат итлари билан иштирок этган.

«Дог биатлон» мусобақасининг сўнгги ҳал қилувчи босқичи — «Дог биатлон эстафета» беллашувларида иштирокчилар 1600 метр масофада жамоа бўлиб, эстафета шартларини бажарган. Таъкидланишича, мазкур шартни тез ва аниқлик билан бажариш жуда муҳим ҳисобланиб, жамоаларга юқори балл олиш имконини берган.
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида III ўрин Миллий гвардия Қўриқлаш хизимати, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари, Давлат хавфсизлик хизмати «Бургут-1» жамоаларига насиб қилган бўлса, II ўринни ИИВ терма жамоаси эгаллади. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ўртасида ўтказилган «Дог биатлон» мусобақасида Мудофаа вазирлигининг эркаклар ва аёллар жамоалари мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, 2021 йилги натижасини такрорлаган.

Шунингдек, мусобақада «Дог биатлони якка тартибда югуриш», «300 метрли тўсиқлардан хизмат итлари билан ўтиш», «Ғалабага бўлган кучли иродаси учун», «Дог биатлони 3200 метр масофага якка тартибда югуриш», «Дог биатлон эстафетаси» каби қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланган. Барча номинацияларнинг фахрли ўринларини Мудофаа вазирлиги вакиллари қўлга киритган.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов сўзга чиқиб, мамлакатда бугун ҳар бир соҳада янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилаётганини, хусусан, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлигини ошириш, касбий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш учун ҳам етарли шарт-шароитлар, қулай имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкилаган. Мусобақа ғолиблари ва совриндорларининг қутлаб, келгуси хизматлари фаолиятида муваффақиятлар тилаган. Шундан сўнг ғолибларга диплом, кубок ва қимматбаҳо совғалар топширилган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида тактик ўқув машғулотлари ўтказилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон махсус кучларининг Сибирдаги қўшма машғулотлари якунлангани ва «Фориш» тоғ дала-ўқув майдонида ҳарбийлар парашютдан сакраб, машғулот ўтказгани маълум қилинган.