Жаҳон - 23:48 · 08.05.2022

Ўзбек чегарачилари томонидан отиб қўйилган қирғизистонликлар бир оила аъзоси экани маълум бўлди

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги ўзбек–қирғиз чегарасида 5 май куни Ўзбекистон чегарачилар 3 нафар Қирғизистон фуқаросини отгани хабар қилинганди. Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берганди. Эндиликда марҳумларнинг бир оила аъзоси экани маълум бўлди. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Фото: «24.kg»

Маълум бўлишича, ҳодиса оқибати оила аъзолари — 48 ёшли эркак ва унинг 24 ва 22 ёшли икки ўғли ҳалок бўлган.

Ҳодиса Жалолобод вилояти Ала-Бука тумани Актам МФЙда содир бўлган. Уч нафар қирғизистонлик ўқдан жароҳат олган, улар Ала-Бука туманидаги шифохонага етказилган. Ўша ерда ҳушига келмай вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, ўзбек–қирғиз чегарасидаги отишма юзасидан қўшимча маълумот берилганди. Унда айтилишича, Қирғизистон чегара вакили мамлакат ҳудудидаги давлат чегара чизиғидан 50–55 метр масофада патрон қутилари ва қон излари топилганини таъкидлаб, Ўзбекистон чегарачилари томонидан давлат чегарасини бузиш ҳамда Қирғизистон фуқароларига қарши қурол ишлатиш сабабларини тушунтиришни талаб қилган. Қирғизистонликлар ўлган жойдан 80 метр узоқликда 2000 килограмм селитра топилган.