Сиёсат - 18:07 · 08.05.2022

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара масаласида биринчи учрашув ўтказилди

Ўзбекистон ва Қирғизистон ишчи гуруҳлари ўртасида қўшма чегарани демаркация қилиш бўйича биринчи учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматига таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Фото: Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, икки давлат ҳукумат делегацияларининг учрашуви 5–7 май кунлари Бишкекда бўлиб ўтган.

«Томонлар қирғиз–ўзбек чегарасини демаркация қилиш жараёнини тартибга солувчи норматив-техник ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатини муҳокама қилди ва келишиб олди. Учрашув дўстлик ва ўзаро англашув муҳитида ўтди», дейилади Вазирлар Маҳкамаси ахборотида.

Тадбир якунида тегишли протокол имзоланиб, навбатдаги йиғилиш Ўзбекистонда бўлиб ўтиши қайд этилган.

Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1300 километрдан ошади. 2021 йилнинг март ойида Қирғизистон ҳукумат делегацияси раҳбари Қамчибек Ташиев икки давлат чегарасида энди баҳсли ҳудудлар йўқлигини, масала 100 фоизга ҳал этилганини айтган.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон умумий чегаранинг 94 фоиздан ортиғини келишиб олгани хабар берилганди. Шунингдек,  Ўзбекистон Ункар-Тоони беришга, Қирғизистон эса Сўх йўлини очишга келишиб олгани маълум қилинганди. Ҳамда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумати делегациялари ўртасида Фарғонада бўлиб ўтган музокаралар давомида чегара бўйича протокол имзоланганди.