Жамият - 17:20 · 08.05.2022

Ўзбекистоннинг Британиядаги туризм элчиси Мўйноқни ривожлантириш учун эътиборни кучайтиришга чақирди

Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида 7 май куни «Стихия» мусиқа фестивали доирасида ташкил этилган форумда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон мутасаддиларни Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантиришга эътиборни кучайтиришга чақирди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz» / Ригина Маджитова

Унинг сўзларига кўра, Орол денгизи соҳилига келган кўплаб сайёҳлар бу ерларнинг археологияси, Орол фожиаси ва маданияти билан яқиндан танишишни истайди. Ягона камчилик эса инфратузилманинг етишмаслиги ҳисобланади.

«Расмийлар кўпроқ эътибор беришлари керак бўлган нарса — тезюрар поездлар ёки рейслар сонини кўпайтириш. Нукусда халқаро аэропорт бор, лекин ундан Мўйноқгача бўлган масофа ҳам унчалик яқин эмас. Бундан ташқари, йўллар ёмон. Қаерга борсангиз ҳам осон, тез қайтиб келсангиз ва бу ҳудуд яшаш қулай бўлса, у ерга одамлар оқими кўпаяди», — дейди элчи.

Тошкент–Нукус–Мўйноқ йўналишида 26 март куни илк йўловчи рейси амалга оширилган. Бироқ «Стихия» фестивали иштирокчилари Мўйноққа қуруқликдаги транспортда етиб боришига тўғри келган. Парвозлар фақат Нукусгача амалга оширилган.

Фото: «Bugun.uz» / Ригина Маджитова

Софи Ибботсоннинг қайд этишича, сайёҳлик сиёсатини малакали ишлаб чиқиш кўплаб сайёҳлар келишини кафолатлайди.

Қорақалпоғистонда 45 та туристик корхона, шунингдек, 86 та жойлаштириш обекти: 33 та меҳмонхона, 36 та оилавий меҳмон уйи ва 17 та ётоқхона мавжуд. Бундан ташқари, 11 та микроавтобус, 45 та йўлтанламас автомашиналар ва 12 та квадроцикллар, 25 та гид-таржимонлар, 200 дан ортиқ туристик обектлар (ҳунармандчилик устахоналари, кўнгилочар боғлар, музейлар, аквапарклар ва сув аттрационлари) бор бўлиб, 2021 йилда бу ерга 284 минг маҳаллий ва 25 мингга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрган.

Мўйноқда ҳам бир қатор диққатга сазовор жойлар мавжуд, жумладан, экотуризм йўналишидаги табиий объектлар: Орол денгизи, Устюрт платоси, Судочье кўли. Уларга сайёҳлик компаниялари йўлтанламас транспорт воситаларида замонавий ва экстремал жип-турларни ташкил қилади.

«Мўйноқдаги ‘Стихия’ фестивали Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби машҳур шаҳарларида ўтказилмайди. Бу йилдан йилга минтақага катта фойда келтириши мумкин. Иккинчи ижобий жиҳати шундаки, фестивал маҳаллий аҳолини ўз ҳудуди нақадар гўзал, қанчалик туристик экани ҳақида гапиришга ундайди ва шу сабабли бу фестивал мухлислари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Менимча, бу маҳаллий аҳоли учун сайёҳларга мослашиш ва улар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш учун ажойиб имконият, бу уларнинг молиявий аҳволини яхшилаш демакдир», — дейди Софи Ибботсон.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нукусдаги II Халқаро бахшичилик фестивали доирасида Мўйноққа ташриф амалга оширилганди. Шу билан бирга, Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва экотуризм зонасига айлантирилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриган тубини бориб кўрганди.