Жамият - 11:41 · 08.05.2022

Қорақалпоғистонда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабул ўтказилди

Қорақалпоғистоннинг қатор ҳудудларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабул ўтказилди. Бу ҳақда Президент халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Президент Халқ қабулхоналари суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилаётган оммавий қабулларнинг навбатдаги манзили – Оролбўйи ҳудуди. Асосан энг олис-чекка, чегарадош ва ижтимоий-иқтисодий аҳволи нисбатан оғир ҳудудлардаги қабулларда ҳар бир масала ҳудудий мутасаддилар ва мурожаатчилар иштирокида муҳокама қилинди.

Мулоқотларда Бош прокуратура масъуллари 340 та масаланинг 143 тасини жойида ҳал қилди. Бу жараёнда қабулхоналар ва сектор раҳбарларига ижтимоий уй билан таъминлаш бўйича йўлланган мурожаатлар маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий махсус комиссиялар билан бирга кўриб чиқилган.

Келтирилишича, хўжайлилик Азима Одилова айни шу каби мурожаатларидан сўнг 60 ёшида ўз уёига эга бўлди. Ижарама-ижара юрган аёлга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида турар-жой ажратилди.
2020 йилда Сарвиноз Худойберганованинг турмуш ўртоғи вафот этган. Бу оилани 2014 йилдан буён уй-жой масаласида муаммоси бўлган, тўрт хўжалик бир хонали уйда яшаган. Оммавий қабулга келган Сарвиноз ва фарзандларига ҳам Хўжайли туманидаги ижтимоий шаҳарчадан бир хонали уй ажратиб берилди.

Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси, туман-шаҳарлар судлари масъуллари биргаликда 236 та масалани кўриб чиқиб, шунинг 86 тасига жойида ечим топди. Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот, Хўжайли, Тахиатош, Шуманай, Тўрткўл туманлари ва Нукус шаҳри судлари мурожаатлар асосида ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 37 та иш кўриб чиқилди.

Суд мажлисида ҳар бир иш батафсил кўриб чиқилиб, барча томон тинглангач, ҳудудлардаги ички ишлар органлари пробация гуруҳлари тақдимномалари асосида 28 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод этилди, 8 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, тарафлар ярашгани муносабати билан битта жиноят иши тугатилди.

Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари суриштирув ва тергов, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фуқаролик, паспорт-виза, мол-мулкни олиб қўйиш ва қайтармаслик каби йўналишларга оид 140 та масалани кўриб чиқди, уларнинг 53 таси жойида ҳал қилинди.

Иш билан таъминлаш масаласида амалий ёрдам сўраган 6 нафар инсонга 30 сотих ер майдони ажратилди, 22 нафар мурожаатчи ишга жойлаштирилди. Ўзини ўзи банд қилиши учун оғир ижтимоий аҳволдаги 30 нафар хотин-қизга тикув машинаси ва пишириқ тайёрлаш печлари, 2 нафар фуқарога томорқа ерларини суғориши учун насослар, 5 нафар мурожаатчига паррандачилик инкубаторлари олиб берилди.

Қабулларда Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгеси, Вазирлар кенгаши, маҳаллий ҳокимликлар, адлия, солиқ, божхона, Миллий гвардия бошқармалари масъуллари ҳам 307 та масаланинг қарийб 100 тасини жойида ҳал қилди, аҳолига давлат хизматлари кўрсатилди, бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинди.

Умумлаштириб айтганда, уч кунлик очиқ-жонли мулоқотларда 1 минг 116 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 404 таси жойида ҳал қилинди, 237 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 475 та мурожаат бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди.