Жамият, Самарқанд - 22:35 · 08.05.2022

Самарқанддаги фермер хўжалигида қотиллик юз берди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги фермер хўжалигида 8 май куни қотиллик рўй берди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани «Элмурод Қурбонов» фермерлар уюшмаси Киймадўз қишлоғида мудҳиш қотиллик рўй бергани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалган.

Суд тиббий экспертининг маълумотларига кўра, марҳум Ф.Қнинг танасида, яъни ўнг елка буғими,  ўнг тирсак буғими, ўнг тизза буғими соҳасида ҳамда кўкрак қафаси чап томонида шилинмалар, кўкрак қафаси орқа юзасида санчилиб кесилган яралар аниқланган. Шунингдек, унда кўкрак қафаси орқа юзаси плевра бўшлиғида тешиб ўтиб, иккала ўпкани жароҳатловчи санчилиб кесилган яралари бўлиб, марҳумнинг ўлими ички ва ташқи қон кетишдан келиб чиққан.

Прокуратуранинг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси  1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 2 нафар фуқаролар гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, дастлаки тергов ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 19 йил олдин содир бўлган қотиллик фош этилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида 9 йил олдин йўқолган 18 ёшли қизнинг суяклари топилгани ҳақида хабар берилганди.