Жаҳон - 20:05 · 08.05.2022

Сони ошган нутқлар, жонли мулоқот ва халқ овози: Путин президентлигининг 18-йилини қандай ўтказди?

Президентлигининг 18-йилида Владимир Путин одамлар билан тез-тез учраша бошлади, нутқ сўзлади ва хорижий саёҳатларни давом эттирди, шунингдек, кўплаб телефон қўнғироқларини амалга оширди. «Коммерсант» нашри давлат раҳбарининг фаолиятига оид таҳлилий рўйхатни эълон қилди.

Фото: «ИА Regnum»

309 иш куни

2021 йил 7 майдан 2022 йил 7 майгача Владимир Путинда, расмий иш жадвалига кўра, 309 иш куни бўлган. Бир йил аввал президент 306 кун ишлаган. Ўн йил давомида у учун энг оғир 314 кунли иш жадвали (86 фоиз) тўртинчи президентлик муддатининг биринчи йилига тўғри келган.

Жадвалга кўра, 2021 йил давомида президент 56 кун дам олган. У энг кам ишлаган давр сентябрь ойига тўғри келган (23 иш куни), ўшанда давлат раҳбари Сибирда Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан бирга дам ҳам олган. Март ойи Владимир Путин учун энг банд ой бўлган: 28 иш кунида у 86 та ишни якунлаган.

822 та иш

Ҳаммаси бўлиб Владимир Путин 822 та ишни якунлаган, бу кунига ўртача 2,6 та ишни ташкил қилган. Таққослаш учун: амалдаги президентлик муддатининг биринчи йилида у 994 та (кунига 3,2 та иш), иккинчисида 925 та ишни кўриб чиққан. (кунига 3 та). Пандемия сабабли эса учинчи йилда ишлар сони камайган — 737 та (кунига 2,4 та иш). Шу билан бирга, аксарият учрашувлар жисмоний мулоқотиз ўтган, телефон суҳбатлари вазифалар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган. 2021 йили ҳам қўнғироқлар биринчи ўринда бўлган. Бундан ташқари, унинг жадвалида президент шахсан иштирок этган учрашув ва йиғилишлар кўпайган, тантаналар, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотлар сони 4 баробарга ошган.

Владимир Путин, шунингдек, публицистика билан шуғулланишда давом этган ва учта катта мақола ёзган: «Ўтмишга қарамай очиқ бўлиш» (Улуғ Ватан уруши ҳақида), «Руслар ва украинларнинг тарихий бирлиги тўғрисида» ва «Россия ва Хитой: Келажакка йўналтирилган стратегик шериклик».

212 та қўнғироқлар

Владимир Путин 2021 йил давомида қўнғироқлар сони бўйича рекордни янгилаган — 212 та, бу президентнинг барча фаолиятининг чорак қисмини ташкил этган. Уларнинг аксарияти март ойида бўлган — 41 та, ўшанда бошқа мамлакатлар раҳбарлари билан телефон суҳбатлари деярли ҳар куни бўлиб ўтган. Бунинг сабаби эса Украинадаги махсус ҳарбий операция билан боғлиқ.

Давлат раҳбарининг телефон суҳбатлари таҳлили шуни кўрсатдики, президентлик фаолиятининг бошланиши билан солиштирганда у америкалик ҳамкасблари билан суҳбатини 4 баравар қисқартирган, аммо Яқин Шарққа тез-тез қўнғироқ қила бошлаган. 2021 йилга нисбатан Ғарбий Европа ва Осиё давлатлари раҳбарлари билан телефон орқали мулоқотлар сони ҳам ошган.

Олти йил ичида биринчи марта Владимир Путин билан телефон суҳбати бўйича мутлақ етакчи ўзгарган: рўйхатни туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ортда қолдирган Франция президенти Эммануэль Макрон эгаллаган. Франция раҳбари билан 22 та телефон суҳбатидан 13 таси 2022 йилнинг февраль ва март ойларида бўлиб ўтиб, миллий хавфсизлик ҳамда Украина атрофидаги вазиятга тегишли бўлган.

438 та расмий чиқишлар

Владимир Путиннинг нутқлари ўтган йил давомида кўпайди. 2021 йил 7 майдан бери Кремл веб-сайтида президентнинг 438 та нутқи матни (2020 йилда бу кўрсаткич 352 та бўлган) эълон қилинган.

Халқ овози

Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотларига кўра, Владимир Путиннинг ишонч рейтинги 2022 йил февраль ойи охирида — Донецк ва Луганск мустақиллигини тан олувчи ҳужжатлар имзоланган ва Украинада «махсус ҳарбий операция» бошланган пайтда ўсишни бошлаган. Апрель ойининг боши ва ўрталарида кўрсаткич 81,6 фоизга етиб, кўп йиллик энг юқори кўрсаткични янгилаган.

Президент ишини маъқуллаш рейтинги 2015 йилда энг юқори даражага етган, ўшанда Россиянинг Суриядаги операцияси бошланганидан кўп ўтмай, кўрсаткич 90 фоизга яқинлашган. Энг паст (60,8 фоиз) рейтинг 2014 йилнинг январида Киевдаги норозилик намойишлари пайтида қайд этилган.

Ўсиш тенденцияси 2014 йил февраль ойида Сочида бўлиб ўтган Олимпиада муваффақиятли якунланганидан кейин қайд этилган. Март–апрель ойларида Қримнинг аннекция қилиниши ва Донбассдаги можаронинг бошланиши фонида рейтинг май ойида 85 фоиздан ошган. 2018 йилнинг июлидан 2022 йилнинг февралигача бу кўрсаткич 70 фоиздан ошмаган.

Эслатиб зтамиз, Россия президенти Владимир Путин «Россия зовет!» форумида сўзлаган нутқида ўзининг қайта сайланиши мумкинлигини маълум қилганди.  «Биласизми, эътибор нимага қаратилган? Конституцияга кўра, мен янги муддатга қайта сайланиш ҳуқуқига эгаман. Буни қиламанми ёки йўқми, ҳозирча ўзим қарор қилганим йўқ», — деди Россия президенти. Шунингдек, у бундай ҳуқуқнинг мавжудлиги ўз-ўзидан Россиядаги вазиятни барқарорлаштиришини қўшимча қилган.