Жамият, Қорақалпоғистон - 9:09 · 08.05.2022

«Тошкентда катта дарахтларни кесишади, Мўйноқда эса уларнинг баргига ҳам тегилмайди» — туроператор

Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида «Стихия» мусиқа фестивали доирасида ташкил этилган форумда маҳаллий туроператор Дилфуза Қутлимуродова Оролбўйига сайёҳларни жалб этиш ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири Ригина Мажитова хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, сайёҳлар Мўйноқга асосан ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва кемаларни кўриш учун ташриф буюради.

«Тошкентда катта-катта дарахтларни кесишса, Мўйноқда оддий баргнинг қадри баланд, ҳатто болалар ҳам тегмайди. Биз буни қадрлаймиз.

Бироқ биз келажакда агротуризмни ривожлантирмоқчимиз. Тажриба сифатида бу ерга кунжут, помидор, бодринг, павловния экдик. Натижалар аъло даражада бўлиб, аҳолига ҳам фойда келтирди. Мен ўзим сайёҳларга кунжутни оҳак билан майдалаш бўйича мастер-класс ўтказаман. Бу гастрономик маҳорат дарси бўлиб, биз миллий қадриятларимизни кўрсатамиз», — деди туроператор.

Унинг таъкидлашича, бир вақтлар Мўйноқ руслар, венгерлар, поляклар ва бошқа миллат вакиллари истиқомат қилган кўп миллатли ҳудуд бўлган. 1990 йилларга келиб, Орол денгизи қуриганида маҳаллий аҳоли бошқа жойларга кўчиб ўтган. Бу ҳудудда фақат 10 минг киши яшашни давом эттирган.

Фото: «Bugun.uz»

«Мўйноқ бутунлай вайрон бўлди, инфратузилма йўқолди. Лекин шуни айтишим мумкинки, Шавкат Мирзиёев ҳам илк ислоҳотини Мўйноқдан бошлаган. Бугунги кунда вилоятда 33 минг аҳоли истиқомат қилади. 2017 йилда қурилиш ва инфратузилма яратила бошланганда аҳоли сони ҳам кўпайди.

2000 ва 2017 йилларга нисбатан бугунги инфратузилма биз учун жуда муҳим. Мўйноқни Самарқанд, Хива ва бошқа вилоятлар билан солиштириб бўлмайди. Чунки ўша пайтда ичимлик суви муаммоси ҳам бор эди. Бунгача ҳатто ичимлик суви ҳар бир ҳовлига икки челакдан тарқатилар эди. Икки челак ичимлик сувини ким олади? Ҳозир эса хайриятки, сувимиз бор», — деб тушунтириш берди Дилфуза Қутлимуродова.

Аввалроқ Президент томонидан имзоланган қарорда Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантирилиши ҳақида маълумот берилганди.