Жаҳон - 23:10 · 08.05.2022

Хорижлик зиёратчилар учун Умра мавсуми қачон тугаши маълум қилинди

Саудия Арабистонига хориждан келган мусулмонлар учун жорий умра мавсуми 31 май куни якунланади. Бу ҳақда «Islam.ru» хабар берди.

Фото: «HalalBooking»

Келтирилишича, мамлакат Ҳаж ва Умра вазирлиги 31 майни хорижлик мусулмонларга Умра зиёратини адо этиши учун сўнгги муддат сифатида қайд этган. 2022 йилги Ҳаж сафарига ҳужжатларни рўйхатга олиш ва қабул қилиш саналари эса ўз вақтида расмий каналлар орқали эълон қилиниши билдирилган.

Қироллик икки йил ичида биринчи марта бутун дунёдан зиёратчиларни кутиб олишга ҳозирлик кўрмоқда. 2021 йили Ҳаж зиёрати саудия арабистонилик 60 000 нафар ташриф буюрувчи билан чекланган бўлса, 2020 йилда глобал соғлиқни сақлаш инқирози авжига чиққанда уларнинг сони атиги 1000 кишини ташкил этган.

Апрел ойида Ҳаж ва Умра вазирлиги қироллик 1 миллион зиёратчига катта Ҳажга боришга рухсат беришини маълум қилган. Вазирлик зиёратчилардан Ҳаж зиёратини бажариш чоғида профилактика чораларига риоя этиши талаб қилинишини ҳамда 65 ёшгача бўлганлар тасдиқланган вакцина билан COVID-19’га қарши тўлиқ эмланган бўлиши кераклигини билдирган.

Аввалроқ Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ билан «Умра—2022» мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзолагани хабар қилинганди. Шунингдек, пандемия бошланганидан бери биринчи марта 22 январь куни зиёратчилар Умра сафарига жўнаб кетгани маълум қилинган.