Жаҳон - 17:16 · 09.05.2022

«Биз 1941 йилни такрорламаслигимиз керак» — Лукашенко

Беларусь президенти Александр Лукашенко Польшанинг мамлакатга ҳужум қилиш эҳтимолини баҳолади. Бу ҳақда «БЕЛТА» хабар берди.

Фото: Беларусь президенти матбуот хизмати

Лукашенко Польша ҳудудида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказаётгани ва Беларусга ҳужумга тайёрланаётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирган.

«Майли, синаб кўришсин. Бу ҳолат бизни ҳам ташвишга солмоқда. Ҳозир Польша ва Литва билан чегарада 40 минг қўшин борлиги айтилмоқда. Биз вазиятни диққат билан кузатиб борамиз. Мен ҳар доим ҳарбийларга айтганман: ҳеч нарсани ўтказиб юбормаслик керак.

1941 йилни такрорламаслигимиз керак. Биз ҳар доим армиямиз NATO’га қарши эканини тушуниб келганмиз Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, Россиянинг орқасида ядровий ‘держава’ турибди ва бизда тегишли келишув мавжуд. Бу мавзуда Россия президенти билан тез-тез гаплашиб турамиз», — деган Беларусь раҳбари.

Шунингдек, у ўз ери, ҳудуди, оиласи, фарзандлари учун курашаётган халқни енгиб бўлмаслигини таъкидлаган. Лукашенко нутқида Беларусь ва Россия муносабатларига тўхталиб ўтган.

«Беларуслар Россияни қўллаб-қувватламаслик ҳуқуқига эга эмас. Биз доимо бирга бўлганмиз, ҳамиша бирлашганмиз. Бизни парчалаб, ажрата олмайсиз. Беларуслар тажовузкор эмас. Лекин Россияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Бизни бўғишга бўлган барча уринишлар бизни фақат кучлироқ қилади ва бошқаларни илҳомлантиради. Чунки глобал иллатга қарши курашаётган беларус, русларни миллиардлаб одамлар кузатмоқда. Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Африка, араб давлатлари. Ҳамма Американинг бўғишидан чарчади!», — деган у.

Аввалроқ Лукашенко Украинадаги урушни қандай қилиб бир ҳафтада тугатиш мумкинлигини айтганди. Шунингдек, диктатуранинг афзал жиҳатларини маълум қилганди.