Жамият - 13:44 · 09.05.2022

«Бугун дунё таҳликали бўлиб боряпти. Ҳар дақиқа синовли бўляпти» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, давлат раҳбари «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди. Бу мажмуа Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган. У халқнинг урушдаги йўқотишлари, тинчлик учун кураши тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган. Шу маънода «Матонат мадҳияси» урушда ўз боласидан, ўз ёридан жудо бўлган барча оналар, барча аёллар шарафига ўрнатилган обидадир.

Фото: Президент матбуот хизмати

Боғда Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам жам бўлди. Президентимиз улар билан суҳбатда халқимизга табрикларини йўллади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бугун ушбу Ғалаба боғида туриб, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни қутлуғ айём билан чин қалбимдан табриклайман. Бундай дамларда қаҳрамон ота-боболаримиз хотирасини ёдга олиб, уларнинг жасорати олдида таъзим қиламиз. Уларнинг тинчлик ва озодликка бағишлаган серқирра ҳаёт йўли келгуси авлодлар учун ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган буюк меросдир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари бу маскан уруш оқибатларини, тинчлик қадрини ёдга солишини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бугун дунё таҳликали бўлиб боряпти. Ҳар дақиқа синовли бўляпти. Бу бизга ҳам таъсир қиладими? Албатта таъсир қилади. Лекин халқимиз ҳаётига шу таъсирни камайтириш бўйича чоралар кўряпмиз. Меҳнатимиз билан, бирдамлигимиз билан, Худо хоҳласа, бу синовлардан ҳам ўтамиз», – деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати