Жаҳон - 13:23 · 09.05.2022

Эрон Украинадаги уруш бўйича баёнот берди

Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиян Украинадаги уруш бўйича баёнот берди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Fotolia»

Дипломат баёнотда урушни тўхтатишни илгари сурган, мамлакат ҳар қандай урушга қарши эканини таъкидлаган. Теҳрон Яман, Афғонистон, Сурия, Ироқ ва бошқа жойларда бўлган воқеаларни қоралаган.

«Инқироздан чиқиш йўли сиёсий бўлиши керак ва Россия ҳамда Украина ўртасидаги музокаралар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга олиб келиши зарур», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь президенти Лукашенко Украинадаги урушни қандай қилиб бир ҳафтада тугатиш мумкинлигини айтганди. Унинг фикрича, бунинг учун АҚШ Киевга жанговар ҳаракатларни тўхтатиш кераклигини айтиши зарур.

«Агар Жо Байден ҳамма уришиб бўлди, келинг, урушни тўхтатайлик, у ҳеч кимга керак эмас, фойда олиб келмайди, деб айтса, уруш бир ҳафта ичида тугайди», — деган у.