Жаҳон - 12:37 · 09.05.2022

МДҲ давлатларидаги уй-жой нархлари маълум қилинди

Тожикистон МДҲ мамлакатлари орасида арзон уй-жой бўйича биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Статистикага кўра, Тожикистонда 1 квадрат метр уй-жой нархи 350–500 доллар бўлса, Қирғизистон ва Ўзбекистонда бир квадрат метр турар-жой тахминан 500–800 долларга баҳоланган. Қозоғистонда бу кўрсаткич минг доллар, Туркманистонда эса 1,5 минг долларни ташкил қилган.

Ўз навбатида, Тожикистонда янги бинолар сони ортиб бормоқда. Жумладан, 2022 йил бошидан буён 250,4 минг квадрат метр уй-жой қурилган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 116,7 фоизга кўпдир.

Аввалроқ МДҲ давлатларида аҳолининг ўсиш кўрсаткичи рейтинги эълон қилинганди. Шунингдек, МДҲ мамлакатлари орасида электрон чиқинди миқдори юқори давлатлар маълум қилинган.