Жаҳон - 14:05 · 09.05.2022

Путин Украинага нима сабабдан уруш бошлаганини тушунтирди

Россия президенти Владимир Путин 9 май, душанба куни Москвадаги Қизил майдонда ўтказилган Ғалаба парадида Украинага уруш бошлагани сабабини тушунтирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Моя Москва»

Путинга кўра, Украинада амалга оширилаётган «ҳарбий операция»дан олдин Донбассда навбатдаги операцияни ўтказишга ва Қримга бостириб киришга тайёргарлик кўрилган.

«Киевда улар ядровий қуролга эга бўлиши мумкинлигини эълон қилди. NATO блоки эса бизга қўшни ҳудудларни фаол равишда ҳарбий ривожлантиришни бошлади. Шу тариқа бизнинг чегараларимизда мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган таҳдид пайдо бўлди», — деган у.

Россия президенти ҳамма тўқнашув муқаррар бўлиши ҳақида гапирганини айтган. «Такрор айтаман, биз ҳарбий инфратузилма қандай ривожланаётганини, юзлаб хорижлик маслаҳатчилар қандай иш бошлаганини, NATO давлатларидан мунтазам равишда энг замонавий қурол-яроғлар етказиб берилаётганини кўрдик.

Хавф кундан-кунга кучайиб борди. Россия тажовузга олдиндан қарши жавоб берди. Бу мажбурий, ўз вақтида қабул қилинган, суверен, кучли, мустақил давлатнинг қарори эди», — деган Путин.

Аввалроқ Путин 9 майда «қиёмат куни» ҳақида огоҳлантириши айтилганди. Шунингдек, Украина томони Путин 9 майда қандай баёнот беришини прогноз қилганди.