Жаҳон - 19:16 · 09.05.2022

Қайси давлатларда тиббий ниқоб тақиш бекор қилинган?

Мутахассислар май ойи бошидан эпидемиологик чораларни юмшатган ва тиббий ниқоб тақиш режимини бекор қилган мамлакатларни маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «US news»

Келтирилишича, сўнгги бир ҳафта ичида Европанинг бешта давлати — Греция, Болгария, Литва, Сербия ва Хорватия сайёҳларнинг кириши учун барча ковид чекловларини олиб ташлаган. Италия эса май ойи бошидан жамоат жойларида ва транспортда саёҳат қилишда талаб қилинган сертификатни бекор қилган. Ниқоб режими ҳам бутун дунёда фаол равишда бекор қилинмоқда. Масалан, Грузияда 2 майдан буён ёпиқ жойларда ҳимоя воситаларидан фойдаланиш талаб қилинмаяпти.

Ниқоблар фақат транспорт ва тиббиёт муассасаларида мажбурийлигича қолмоқда. Эквадор ва Колумбияда ҳам худди шундай ҳолат. Аммо қуйидаги мамлакатларга киришда санитария чоралари ҳали ҳам амал қилмоқда. Грузия ва Эквадорга кириш учун эмланганлик сертификати ёки 72 соатдан ортиқ бўлмаган ПЗР тести керак бўлади.

Аввалроқ кимлар коронавирусга қарши тиббий ниқоб тақиши кераклиги маълум қилинганди. Шунингдек, Қирғизистонда тиббий ниқоб тақиш бекор қилинганди.