Жаҳон - 10:01 · 09.05.2022

Россияда мигрантлар учун меҳнат патентларини олиш соддалаштирилади

Россияда мигрантлар учун меҳнат патентларини олиш қоидалари соддалаштирилади. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, мамлакат Ички ишлар вазирлиги рухсатнома бериш учун бир йил аввалгига қараганда камроқ ҳужжатлар талаб қилади. Бу бўйича фармон лойиҳаси эса аллақачон тайёрланган. Агар ҳужжат имзоланса, чет эллик ишчилар учун патентни янгилаш анча осонлашади.

Мажбурий ҳужжатлар рўйхатидан иккита позицияни чиқариб ташлаш режалаштирилган. Биринчиси — иш берувчининг патентни янгилаш тўғрисидаги аризаси. Иккинчиси — меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси бўлиб, у хорижлик ҳақиқатан ҳам Россияда ишлаш ниятида эканини тасдиқлайди.

Қайд этилишича, улар бекор бўлган тақдирда патентни қайта расмийлаштириш учун мигрант фақат ариза, паспорт, ихтиёрий тиббий суғурта полиси ва тиббий маълумотномаларни тақдим этиши керак бўлади. Россияда мигрантлар билан ишлашнинг ушбу тартибини 2022 йил якунига қадар жорий этиш режалаштирилган.

Аввалроқ Владимир Путин Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида 15 кун регистрациясиз бўлиши тўғрисидаги келишувни ратификация қилганди. Шунингдек, Россия Давлат думаси 20 апрель кунги ялпи мажлисда Ўзбекистон билан республика фуқароларининг Россияда мажбурий рўйхатга олинишини Россияга кирган кундан бошлаб 15 кунгача узайтириш ҳақидаги келишувни ратификация қилганди.