Жаҳон - 8:10 · 09.05.2022

Россияда ўзбекистонлик эркак икки кишини пичоқлаб ўлдирди

Россиянинг Ленинград вилояти Гатчинск туманида рашк сабаб ўлдиргани тахмин қилинаётган икки кишининг жасади топилди. Бу ҳақда «Fontanka» хабар берди.

Фото: «gtrkmariel»

Вилоят Тергов қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 5 май куни кўп қаватли уйларнинг бирида кўплаб пичоқ жароҳатлари билан 54 ёшли эркак ва 46 ёшли аёлнинг жасади топилган.

«Fontanka»нинг ёзишича, жиноятда 2000-йилларнинг бошидан буён ўғирлик, қотиллик ва жинсий зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортилган 55 ёшли ўзбекистонлик фуқаро айбланмоқда. Охирги марта у Мурманск вилоятида жазо муддатини ўтаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси иккинчи қисми («Икки шахсни ўлдириш») бўйича жиноят иши қўзғатилиб, эркак ҳибсга олинган. Тез орада унга айблов эълон қилинади.

Аввалроқ Россия пойтахти Москва шаҳрида ўзбекистонлик сотувчи аёлни ўлдиришда гумонланган ўзбекистонлик эркак қўлга олинганди. Шунингдек, мамлакатда Ўзбекистон фуқароси ўз ҳамюртини пичоқлаганди. Ҳамда Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик эркак танишини пичоқлаб, унинг машинасидан ичида ноутбук ва 100 минг рубль бўлган сумкани ўғирлаб кетганди.