Жамият, Тошкент ш. - 15:45 · 09.05.2022

Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олди — фото

Шавкат Мирзиёев 9 май куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, аввал Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида истиқомат қилаётган Аббос ота хонадонига борилган.

Аббос ота Аппанов 1924 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1942 йил февралда Смоленск шаҳрига урушга бориб, кейинчалик Беларусь, Польша, Германияда бўлган шиддатли жангларда иштирок этган. 1946 йилда юртимизга қайтган Аббос ота узоқ йиллар Ачаобод маҳалласидаги умумтаълим мактабида немис ва инглиз тили фанидан сабоқ берган, бошланғич синфлар учун «Немис тили» дарслигини ҳам ёзган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу инсоннинг тинчлик йўлидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, кўплаб давлат мукофотлари билан тақдирланган.

«Сизларни кўриб, яқиндан гаплашай, ҳол-аҳвол сўраб, сиҳат-саломатлик тилай деб ўзим келдим. Аввало, сизни, сиз орқали барча уруш қатнашчиларини, халқимизни байрам билан табриклайман. Ҳамиша соғ-саломат бўлиб, дуогўйимиз бўлиб, ёшларимизга намуна бўлиб юришларингизни тилайман», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Аллоҳнинг инояти, давлатимизнинг ғамхўрлиги ва меҳрибончилигидан мана шундай ёшларга етиб юрибмиз. Сизга ҳам Аллоҳдан мадад, халқимиз манфаати йўлидаги ишларингизга барака тилайман. Ҳурмат учун раҳмат», — дея миннатдорлик билдирди Аббос ота.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Сизлар бу ҳурматга сазоворсизлар. Кексаларни эъзозлаш улуғ қадриятимиз. Биз буни давом эттираяпмиз. Ёшларимиз ҳам билсин, бундан ўрнак олсин», — деди Президент.

Давлат раҳбари Яшнобод туманида яшаётган Фёдор Федин хонадонида ҳам бўлган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фёдор Семёнович 1927 йилда Россиянинг Мордовия ўлкасида туғилган. 1944 йилда армияга чақирилиб, урушда алоқачи ва инструктор вазифасини бажарган. Минск шаҳри яқинидаги жангларда иштирок этган. Уруш тугаганидан сўнг бир неча йил Хитойда хизмат қилган. 1949 йилда Тошкент шаҳрига келиб, авиация заводида ишлаган. Кўплаб меҳнат мукофотларини қўлга киритган. Турмуш ўртоғи билан бирга икки қизни тарбиялаб, вояга етказган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ушбу фахрийларнинг саломатлиги, яшаш шароитларини сўради. Бугунги тинчликка қўшган ҳиссаси, кўп йиллик самарали фаолияти учун уларга миннатдорлик билдирган.

Давлат раҳбари Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Акмал ота Акромовни ҳам зиёрат қилган.

Акмал ота 1924 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1941 йилда мактабни тамомлаб, машинасозлик заводида ишлаган. 1942 йилдан урушда қатнашиб, қаттиқ ярадор бўлган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Юртимизга қайтгач, савдо, озиқ-овқат саноати соҳаларида меҳнат қилган. Нафақа ёшида Тошкент шаҳар Уруш ва меҳнат фахрийлари жамияти раиси, «Нуроний» жамғармасининг шаҳар бўлими раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Урушда қатнашиб, қаҳрамонлик кўрсатиб, урушдан кейин давлатимизга жуда кўп хизмат қилиб, фарзандларни, невараларни тарбиялаб, мана шундай мўътабар ёшга етганингиз жуда катта бахт-камол. Сизларнинг ҳаётингиз, ҳар бир гапингиз бизга мактаб. Илоҳим, соғлигингиз мустаҳкам, умрингиз янада узоқ бўлсин. Ёшларимизга сизларнинг йўлингизни, умрингизни берсин», — деди Шавкат Мирзиёев.

Акмал ота ҳам барча уруш фахрийлари номидан давлат раҳбарини табриклаган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюриб, «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйгани ҳақида хабар берилганди.