Жамият, Тошкент ш. - 9:36 · 09.05.2022

Тошкентда пенсионер аёлга тегажаклик қилмоқчи бўлган йигитга суд ҳукми ўқилди

Тошкентда 20 ёшли йигит пенсионер аёлга тегажаклик қилмоқчи бўлгани, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди. «Nemolchi.uz» Telegram каналида йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилгани маълум қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Пенсионер аёл гипертония касаллигининг олдини олиш мақсадида эрталаб шифокорлар маслаҳати билан сайрга чиққан. 2021 йил 11 сентябрь куни соат 05:00 атрофида ўзи билан кичик фонар олиб, сайрга чиққан. Бироздан сўнг аёл қадам товушларини эшитган. Ортидан бир йигит келган ва «Онахон, келинг сизга бир тегинай, 10 минг сўм бераман», деб айтган.

Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан гумонланувчи 2001 йилда туғилган А.З. қўлга олинган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жабрланувчининг сўзларига кўра, у зўрлаш мақсадида аёлнинг кийимини йиртиб ташламоқчи бўлган, қаршиликка учрагач, уни калтаклаган. Аввалига 277-модда (Безорилик) билан иш қўзғатилган, аммо фуқаро бунга рози бўлмаган. Офталмолог ва невропатолог текширув ўтказган. Аниқланишича, жабрланувчида ёпиқ краниосеребрал жароҳати бўлган, бу унинг кўриш қобилияти таъсир қилган. Аёлга чап кўзнинг гипертонияси, нейропатия ташхисини қўйилган.

«Nemolchi.uz»нинг қўшимча қилишича, терговчи И.А. суд жараёнини чўзиб юборган. Экспертизадан ўтказиш учун йўлланма олиш мақсадида адвокат ва жабрланувчининг қизи терговчи ҳузурига бир неча бор ташриф буюрган, бироқ у уларни экспертизага юбормаган. Бундан ташқари, жабрланувчи ҳужум пайтида кийган йиртилган кўйлагини сақлаб қўйган. У бир неча бор терговчидан уни ашёвий далил сифатида ишга қўшиб, экспертиза ўтказишни сўраган.

Судда иш қайта таснифланмагани ва соғлиққа етказилган зарар энгил бўлгани аниқланган. Билдирилишича, судланувчи ва унинг адвокати аёлнинг ўзи йигитни биринчи ҳақорат қилиб, кейин урганликда айблаган. Аммо буни исботловчи ҳеч қандай далиллар келтирмаган.

Келтирилишича, 21 апрель куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди 21 ёшли А.З. исмли йигитни Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан айбдор деб топган. У бир йилга манзил-колонияга ҳукм қилинган. Мазкур моддада беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қайд этилган. Жабрланувчи ва унинг адвокати суд ҳукмидан норози бўлган ва шаҳар судига кассация шикояти келтирган.

Аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 15 март куни 42 ёшли ўзбекистонлик эркак вояга етмаган қизга тегажаклик қилгани ҳақида хабар берилганди.