Жамият, Тошкент ш. - 15:12 · 09.05.2022

Тошкентдаги мактабда «Георгий тасмаси» таққан ўқувчилар «Катюша»га рақсга тушди — видео

Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги 347-мактабда 7 май куни «Хотира ва қадрлаш куни»га бағишланган тадбир ўтказилди. деб хабар бермоқда Facebook фойдаланувчиси Саида Аманова. Тадбирда «Георгий тасмаси» таққан ўқувчилар «Катюша» қўшиғига рақсга тушди.

Фото: Facebook / Саида Аманова

Ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлган постга Бектемир тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда Иккинчи Жаҳон урушига оид тадбирларни ўтказиш тақиқланмаган.

«9 май — ‘Хотира ва қадрлаш куни’ республикамизда муносиб тарзда ҳар йили ўтказиб келинади. Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди.

Шу сабаб ушбу тадбирларда Иккинчи Жаҳон урушида юртини, оиласини асраш ниятида ўз жонини ҳам аямаган нуронийлар ёдга олиниб, улар ҳолидан хабар олинади. Ёш авлодни ҳам боболаридек мард, жасур, она ватани учун доим хизматда бўлиши кераклиги ҳақида уқтирилади.

Уруш заҳматларини кўрган аждодларимизнинг суҳбатлари, насиҳатлари тингланади. Иккинчи Жаҳон уруши — тарихий факт. Уни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ўзбекистонда ҳам бу каби тадбирларни ўтказиш тақиқланган эмас. Тадбирлар давомида ватанини ҳимоя қилган аждодларга иззат, ҳурматда бўлиш кераклиги амалий мисоллар билан кўрсатиб берилади.

Бу каби тадбирларни ўтказишдан асосий мақсадимиз ҳам ўтганларни хотирлаш, борларни қадрлашдан иборатдир. Бизнинг ниятимиз ҳам, амалимиз ҳам холис. Зеро, юртимизда 130 дан ортиқ миллатлар тинчлик ва осойишта, дўстона муносабатда яшаб келмоқда.

Юртдошларимиз орасида ўзининг негатив қарашлари билан бошқаларнинг ҳам орасига адоват солиш, миллатчилик қиладиганларнинг борлиги ачинарли ҳолат. Бизнинг мақсадимиз, Ўзбекистон сиёсатига қарши чиқиш эмас, аксинча фақат яхшиликни тарғиб қилиш», дейилади ҳокимлик хабарида.