Жаҳон - 11:54 · 09.05.2022

Туркманистонда уруш қатнашчиларига 10 доллардан берилади

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов фахрийлар, ҳарбий хизматчилар оиласига қимматбаҳо совғалар  ва 200 манатдан (қора бозор курсида 10 доллар) беришни топширди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: «ua.news»

Маълум қилинишича, 2021 йилда ҳам фахрийлар шунча миқдорда мукофотланган. Ҳозирда Туркманистонда қанча ҳарбийлар борлиги маълум эмас. Ўзбекистонда уруш қатнашчилари ва Ленинград блокадасидан омон қолганларнинг ҳар бирига 15 миллион сўмдан (1339 доллар) ва қимматбаҳо совғалар топширилади. Мамлакатда 236 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади.

Қирғизистонда байрам тўлови 1209 долларни ташкил қилади. Мамлакатда 107 нафар фахрий бор. Қозоғистонда тўловлар миқдори фахрийнинг яшаш жойига ва унинг мақомига боғлиқ. Нур-Султон ва Олмаотада фахрийларнинг ҳар бирига 1 миллион тенге (2229 доллар), Ақтўбеда эса 2 миллион тенге (4459 доллар) берилади. Мамлакатда 387 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бор.

Тожикистонда ҳам тўлов ҳудудга боғлиқ. Масалан, Душанбеда фахрийлар 3000 сомоний (240 доллар), Сўғд вилоятида эса 480 доллар олади. Мамлакатда 59 нафар фахрий мавжуд.

Маълумот ўрнида, Туркманистонда 200 манат давлат курси бўйича 57,1 долларни, ўзбек сўмида эса 640 мингни ташкил қилади.

Аввалроқ Туркманистонда аёлларга 8 март учун 3 доллардан берилгани маълум қилинганди.