Жаҳон - 16:28 · 09.05.2022

Хитой ҳарбийлари Тайван яқинида ҳарбий машғулот ўтказди

Хитой ҳарбийлари Тайван оролининг шарқий ва жануби-ғарбий қисмида ҳарбий машғулотлар ўтказди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Xinhua»

Маълум қилинишича, машғулотлар 6–8 май кунлари қуруқлик ва ҳаво ҳудудида олиб борилган. Жараёндан мақсад қуролли кучлар турли бўлинмаларининг қўшма операцияларда жанговар қобилиятини оширишдан бўлган.

Тайван масаласи 1949 йилда, коммунистик Хитой Халқ Республикаси эълон қилинганида ва Гоминьдан партиясининг бир қисми Тайван оролига жойлашганда юзага келган. Пекин бу масала юзасидан «ягона Хитой тамойили»ни талаб қилган.

Унга кўра, Хитой ҳам, Тайвандаги Хитой Республикаси ҳам бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши мумкин эмас. Бу мавзу АҚШ–Хитой муносабатларидаги энг нозик масалалардан бири саналади.

Аввалроқ Хитой армияси «Тайван мустақиллиги»га қарши кескин чоралар кўришга тайёрлигини билдирганди. Шунингдек, Тайван Украина урушидаги тактикани ўрганишни бошлаганди.