Жамият, Жаҳон - 21:01 · 09.05.2022

Хотира оқшоми. Барчаси байрам қандай ўтгани ҳақида

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг 9 май куни эълон қилинган хабарлардан тайёрланган махсус дайжести.

Бугун — 9 май — Хотира ва қадрлаш куни. Шунингдек, бугун расмий дам олиш куни. Бу кунда уруш қатнашчилари, қурбонлари хотираланади, уларнинг тириклари эса эъзозланади, ҳолидан хабар олинади. Кун давомида республика бўйлаб турли хотира тадбирлари ва ветеранларнинг хонадонларига ташрифлар кузатилди. Бугунги махсус кунга оид хабарларни қуйида келтирамиз. Ушбу дайжест эълон қилинган пайтда эса «Янги Ўзбекистон» боғида байрам салютлари отилишни бошлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент уруш қатнашчиларининг хонадонларига борди — ташрифлар ҳақида.

Шавкат Мирзиёев бугунги кунни Тошкентнинг Олмазор туманида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аппанов Аббос отанинг хонадонига ташриф билан бошлади. Давлат раҳбари уни байрам билан табриклади, ватан тинчлиги йўлидаги хизмати ва фидокорона меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирди. Уларнинг суҳбатидан парча эълон қилинди, уни қуйида кўришингиз мумкин.

Аббос ота Аппанов 1924 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1942 йил февралда Смоленск шаҳрига урушга бориб, кейинчалик Беларусь, Польша, Германияда бўлган шиддатли жангларда иштирок этган. 1946 йилда юртимизга қайтган Аббос ота узоқ йиллар Ачаобод маҳалласидаги умумтаълим мактабида немис ва инглиз тили фанидан сабоқ берган, бошланғич синфлар учун «Немис тили» дарслигини ҳам ёзган. Президент ушбу уруш қатнашчига ўз табригини ва раҳматини айтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шундан сўнг Президент ўша туманда жойлашган Ғалаба боғига бориб, «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу мажмуа Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган. У халқнинг урушдаги йўқотишлари, тинчлик учун кураши тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Боғда Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам тўпланиб турганди. Шавкат Мирзиёев улар билан суҳбатда халққа ўз табригини йўллади.

«Бугун ушбу Ғалаба боғида туриб, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни қутлуғ айём билан чин қалбимдан табриклайман. Бундай дамларда қаҳрамон ота-боболаримиз хотирасини ёдга олиб, уларнинг жасорати олдида таъзим қиламиз. Уларнинг тинчлик ва озодликка бағишлаган серқирра ҳаёт йўли келгуси авлодлар учун ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган буюк меросдир», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўз нутқида дунё таҳликали бўлиб бораётгани, аммо бирдамлик билан бу қийинчиликларни енгиш мумкинлигини таъкидлади.

«Бугун дунё таҳликали бўлиб боряпти. Ҳар дақиқа синовли бўляпти. Бу бизга ҳам таъсир қиладими? Албатта таъсир қилади. Лекин халқимиз ҳаётига шу таъсирни камайтириш бўйича чоралар кўряпмиз. Меҳнатимиз билан, бирдамлигимиз билан, Худо хоҳласа, бу синовлардан ҳам ўтамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Яшнобод туманида яшаётган Фёдор Федин хонадонида ҳам бўлган. Президент ушбу фахрийларнинг саломатлиги, яшаш шароитларини сўради. Бугунги тинчликка қўшган ҳиссаси, кўп йиллик самарали фаолияти учун уларга миннатдорлик билдирган.

Фёдор Семёнович 1927 йилда Россиянинг Мордовия ўлкасида туғилган. 1944 йилда армияга чақирилиб, урушда алоқачи ва инструктор вазифасини бажарган. Минск шаҳри яқинидаги жангларда иштирок этган. Уруш тугаганидан сўнг бир неча йил Хитойда хизмат қилган. 1949 йилда Тошкент шаҳрига келиб, авиация заводида ишлаган. Кўплаб меҳнат мукофотларини қўлга киритган. Турмуш ўртоғи билан бирга икки қизни тарбиялаб, вояга етказган.

Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Акмал ота Акромовни ҳам зиёрат қилган. Президент ушбу отахонни ҳам табриклаб, уларнинг ҳар бир гапи ва ҳаёти ёш авлод учун мактаб эканини таъкидлаган.

Акмал ота 1924 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1941 йилда мактабни тамомлаб, машинасозлик заводида ишлаган. 1942 йилдан урушда қатнашиб, қаттиқ ярадор бўлган. Ўзбекистонга қайтгач, савдо, озиқ-овқат саноати соҳаларида меҳнат қилган. Нафақа ёшида Тошкент шаҳар Уруш ва меҳнат фахрийлари жамияти раиси, «Нуроний» жамғармасининг шаҳар бўлими раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

Тошкентдаги мактабда «Георгий тасмаси» таққан ўқувчилар «Катюша»га рақсга тушди. Ижтимоий тармоқларда бу танқидларга сабаб бўлди. Бектемир тумани ҳокимлиги бунга муносабат билдирди.

Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги 347-мактабда 7 май куни «Хотира ва қадрлаш куни»га бағишланган тадбирда «Георгий тасмаси» таққан ўқувчилар «Катюша» қўшиғига рақсга тушди, деб хабар берди Facebook фойдаланувчиси Саида Аманова.

Ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлган постга Бектемир тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда Иккинчи Жаҳон урушига оид тадбирларни ўтказиш тақиқланмаган.

Бу каби тадбирларни ўтказишдан асосий мақсадимиз ҳам ўтганларни хотирлаш, борларни қадрлашдан иборатдир. Бизнинг ниятимиз ҳам, амалимиз ҳам холис. Зеро, юртимизда 130 дан ортиқ миллатлар тинчлик ва осойишта, дўстона муносабатда яшаб келмоқда.

Юртдошларимиз орасида ўзининг негатив қарашлари билан бошқаларнинг ҳам орасига адоват солиш, миллатчилик қиладиганларнинг борлиги ачинарли ҳолат. Бизнинг мақсадимиз, Ўзбекистон сиёсатига қарши чиқиш эмас, аксинча фақат яхшиликни тарғиб қилиш», дейилади ҳокимлик хабарида.

Ижтимоий тармоқлардаги постлар, изоҳларни ўқиб тушунишимизча, ўтганларни хотирлашга ҳеч ким қарши эмас. Бектемир тумани ҳокимлиги айтган факт — Иккинчи жаҳон урушини ҳам ҳеч ким инкор этгани йўқ. Аммо фойдаланувчилар (яъни аҳоли) «Георгий лентаси» кабиларга қарши чиқмоқда, у тақилмасин, тарғибот қилинмасин, демоқда. Бусиз ҳам уруш қатнашчиларини хотирласа, эъзозласа бўлади.

Шавкат Мирзиёев номига қатор давлат раҳбарлари ва хорижий ҳамкорлардан байрам қутловлари келди.

Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 77 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар раҳбарлари ва таниқли сиёсий арбобларидан, халқаро ташкилотлар раҳбарларидан қутловлар келди.

Хорижий ҳамкорлар ўз қутловларида кўп миллатли Ўзбекистон халқининг Буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссасини алоҳида қайд этган. Табрикномаларда бугунги эркин ва тинч ҳаётимиз йўлида жанг майдонида чинакам қаҳрамонлик, мислсиз жасорат ва матонат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган фахрийларимизга чуқур ҳурмат-эҳтиром ва миннатдорлик билдирилган.

Ўзбекистон Президенти ва халқига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, фаровонлик, мамлакатимизга барқарор тараққиёт ва равнақ тилаклари изҳор этилган табрикларни қуйидагилар йўллаган:

  • Россия Федерацияси президенти Владимир Путин;
  • Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаев;
  • Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров;
  • Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон;
  • Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов;
  • Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиев;
  • Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко;
  • Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов;
  • Қозоғистон Республикасининг Биринчи президенти Нурсултон Назарбоев;
  • Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши Раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев;
  • МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев.

Хўш, бу кун бошқа давлатларда қандай ўтди?

«Россия тажовузга олдиндан қарши жавоб берди». Путин Украинага нима сабабдан уруш бошлаганини тушунтирди.

Россия президенти Владимир Путин 9 май, душанба куни Москвадаги Қизил майдонда ўтказилган Ғалаба парадида Украинага уруш бошлагани сабабини тушунтирди.

Фото: «Моя Москва»

Путинга кўра, Украинада амалга оширилаётган «ҳарбий операция»дан олдин Донбассда навбатдаги операцияни ўтказишга ва Қримга бостириб киришга тайёргарлик кўрилган.

«Киевда улар ядровий қуролга эга бўлиши мумкинлигини эълон қилди. NATO блоки эса бизга қўшни ҳудудларни фаол равишда ҳарбий ривожлантиришни бошлади. Шу тариқа бизнинг чегараларимизда мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган таҳдид пайдо бўлди», — деган у.

Россия президенти ҳамма тўқнашув муқаррар бўлиши ҳақида гапирганини айтган. «Такрор айтаман, биз ҳарбий инфратузилма қандай ривожланаётганини, юзлаб хорижлик маслаҳатчилар қандай иш бошлаганини, NATO давлатларидан мунтазам равишда энг замонавий қурол-яроғлар етказиб берилаётганини кўрдик.

Хавф кундан-кунга кучайиб борди. Россия тажовузга олдиндан қарши жавоб берди. Бу мажбурий, ўз вақтида қабул қилинган, суверен, кучли, мустақил давлатнинг қарори эди», — деган Путин.

Туркманистонда уруш қатнашчиларига 10 доллардан берилади. Тўловнинг Ўзбекистон ва бошқа давлатлар билан солиштируви.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов фахрийлар, ҳарбий хизматчилар оиласига қимматбаҳо совғалар ва 200 манатдан (қора бозор курсида 10 доллар) беришни топширди.

Фото: «ua.news»

Маълум қилинишича, 2021 йилда ҳам фахрийлар шунча миқдорда мукофотланган. Ҳозирда Туркманистонда қанча ҳарбийлар борлиги маълум эмас. Ўзбекистонда уруш қатнашчилари ва Ленинград блокадасидан омон қолганларнинг ҳар бирига 15 миллион сўмдан (1339 доллар) ва қимматбаҳо совғалар топширилади. Мамлакатда 236 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади.

Қирғизистонда байрам тўлови 1209 долларни ташкил қилади. Мамлакатда 107 нафар фахрий бор. Қозоғистонда тўловлар миқдори фахрийнинг яшаш жойига ва унинг мақомига боғлиқ. Нур-Султон ва Олмаотада фахрийларнинг ҳар бирига 1 миллион тенге (2229 доллар), Ақтўбеда эса 2 миллион тенге (4459 доллар) берилади. Мамлакатда 387 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бор.

Тожикистонда ҳам тўлов ҳудудга боғлиқ. Масалан, Душанбеда фахрийлар 3000 сомоний (240 доллар), Сўғд вилоятида эса 480 доллар олади. Мамлакатда 59 нафар фахрий мавжуд.

Россиянинг Польшадаги элчиси Варшавада совет аскарлари қабрига гул қўяётган пайтда ҳужумга учради.

Россия элчисига қизил бўёқ билан ҳужум қилиниб, унинг юзи «қон»га бўялди. Шу тариқа польшаликларнинг бир гуруҳи Украинадаги урушга ўз норозилигини билдирган.

Ҳужумдан сўнг элчи майдонни полициячилар қуршовида тарк этишга мажбур бўлди. Сўнг Россия ТИВ Варшавада маросимни қайта ташкил этишни талаб қилди.

Урушнинг якунлангани — ҳақиқий ғалаба билан биз ҳам барчани табриклаймиз. Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.