Жаҳон - 20:12 · 09.05.2022

Зеленский Ғалаба кунида украиналикларга мурожаат қилди

Украина президенти Владимир Зеленский 9 май Ғалаба кунининг 77 йиллиги муносабати халққа мурожаат қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Зеленский ҳозирда мамлакатда уруш кечаётгани, Украина ерининг бир қаричи ҳам бошқага берилмаслигини қайд этган.

«Биз бир қарич еримизни ҳам ҳеч кимга бермаймиз. Бугун фашизм устидан қозонилган Ғалаба кунини нишонлаймиз ва тарихимизнинг бир парчасини ҳеч кимга бермаймиз. Гитлерга қарши коалиция таркибида нацизмни биргаликда мағлуб этган аждодларимиз билан фахрланамиз. Бу ғалабани кимдир ўзлаштириб олишига йўл қўймаймиз», — деган у.

Шунингдек, Зеленский украиналиклар бутун Украинани фашистлардан озод қилгани, мамлакатда «ишғолчилар қувиб чиқарилиши»га ишонишини айтган.

«Россия 24 февралда ҳужум бошлади. Биз турли урушларни бошдан кечирдик. Лекин уларнинг ҳаммасининг охири бир эди. Бу икки армиянинг уруши эмас. Бу икки дунёқарашнинг уруши. Душманимиз 9 майни нишонлашдан бош тортишимизни орзу қилганди. Нацизм устидан қозонилган Ғалаба куни биз янги ғалаба учун курашяпмиз. Бу қийин, лекин ғалаба қозонишимизга шубҳа йўқ», — деган Зеленский.

Аввалроқ Путин Москвадаги парадда Украинага нима сабабдан уруш бошлаганини тушунтирганди. Шунингдек, Зеленский Украинанинг асосий мақсади нимадан иборатлигини айтганди.