Жаҳон - 22:34 · 09.05.2022

Зеленский ва Путиннинг 9 май кунги нутқи, Украинага ҳарбий ёрдам жўнатадиган Канада

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 9 май куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: Украина президенти офиси матбуот хизмати

Канада Украинага қарийб 40 миллион долларлик қўшимча ҳарбий ёрдам юборади. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

Бундан ташқари, Канада «Россиянинг 40 нафар жисмоний ва  5 та юридик шахси, олигархлари ва мудофаа секторидаги, режимнинг яқин шерикларига» қарши санкциялар киритишни режалаштирмоқда.

Владимир Зеленский ўзининг 8 май ва 9 май кунги мурожаатларида Иккинчи Жаҳон уруши сабоқлари ва Россия ҳақида гапирди. Мурожаат президентнинг Telegram саҳифасида эълон қилинди.

«Бугун жуда муҳим кун. Биз учун. Халқимиз учун. Бизнинг озодлигимиз учун. Россия Иккинчи Жаҳон урушида ғолиблар учун муҳим бўлган ҳамма нарсани унутди. Аммо Украина ва бутун эркин дунё ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги учун буни ёдда сақлайди. Шундай қилиб, озод дунёда ҳар йили Иккинчи жаҳон уруши қурбонларини хотирлаш кунларида такрорланадиган ҳақиқатан ҳам муҳим сўзлар ўз вазнини тиклади», — деган Зеленский.

Иккинчи мурожатда эса Украина раҳбари тез кунда мамлакатда иккита «Ғалаб куни» нишонланишини айтган:

«Биз болаларимиз учун, озодлик учун курашяпмиз, демак биз ғалаба қозонамиз. Саккиз миллиондан ортиқ украиналик ҳалок бўлган Иккинчи жаҳон урушида ота-боболаримиз қилган ишларини ҳеч қачон унутмаймиз. Ва яқин орада Украинада иккита ‘Ғалаба куни’ бўлади. Баъзиларда эса биттаси ҳам қолмайди», — деган Зеленский.

Ўз навбатида Россия президенти Владимир Путин ҳам 9 май, душанба куни Москвадаги Қизил майдонда ўтказилган Ғалаба парадида нутқ сўзлади. Россия раҳбари ўз нутқида Украинага уруш бошлагани сабабини тушунтирган.

Путинга кўра, Украинада амалга оширилаётган «ҳарбий операция»дан олдин Донбассда навбатдаги операцияни ўтказишга ва Қримга бостириб киришга тайёргарлик кўрилган.

«Киевда улар ядровий қуролга эга бўлиши мумкинлигини эълон қилди. NATO блоки эса бизга қўшни ҳудудларни фаол равишда ҳарбий ривожлантиришни бошлади. Шу тариқа бизнинг чегараларимизда мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган таҳдид пайдо бўлди», — деган у.

Россия президенти ҳамма тўқнашув муқаррар бўлиши ҳақида гапирганини айтган. «Такрор айтаман, биз ҳарбий инфратузилма қандай ривожланаётганини, юзлаб хорижлик маслаҳатчилар қандай иш бошлаганини, NATO давлатларидан мунтазам равишда энг замонавий қурол-яроғлар етказиб берилаётганини кўрдик.

Хавф кундан-кунга кучайиб борди. Россия тажовузга олдиндан қарши жавоб берди. Бу мажбурий, ўз вақтида қабул қилинган, суверен, кучли, мустақил давлатнинг қарори эди», — деган Путин.

Уруш бошланганидан бери Украинада 226 нафар бола тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, яна 415 нафар бола уруш оқибатида яраланган. Эслатиб ўтамиз, мазкур маълумотлар Украина Бош прокуратураси томонидан ҳар куни янгилаб борилмоқда.