Жаҳон - 15:01 · 10.05.2022

Алишер Усмоновнинг 300 млн долларлик «Alaiya» мегаяхтаси кузатувдан йўқолди

Миллиардер Алишер Усмоновнинг 300 миллион долларлик «Alaiya» суперяхтаси кузатув тизимидан йўқолди. Бу ҳақда «Auto evolution» хабар берди.

Фото: «BOAT International»

Маълум қилинишича, 365 фут (111,5 метр) узунликдаги «Alaiya» бир неча кундан бери йўқолиб қолган. Сўнгги маълумотларда яхта Малдив ороллари яқинида бўлиб, Мале шаҳри томон йўналган. Шундан сўнг у Жанубий Африка қирғоқлари яқинида қайд этилган. AIS (кемалар, уларнинг ўлчами, йўналишини ва бошқа маълумотларни ултра қисқа тўлқинлар орқали аниқлаш) маълумотларидан фойдаланадиган турли кузатув веб-сайтлари яхта ҳозирда «диапазондан ташқарида» кўрсатилаётганини айтган, яъни уни кузатиш ўчирилган.

Таъкидланишича, бу кемага кўринмас ва ноқонуний саёҳат қилиш имконини беради. Мазкур усул рус олигархлари ўзларининг яхталарини яшириши учун пайдо бўлган янги тенденция экани айтилган.

Маълумот ўрнида, «Alaiya» аввалроқ «Гуля хоним» номи билан танилгани ва 512 футлик «Dilbar»дан кичикроқ. «Dilbar» 24 та хона ва 100 кишилик экипаж учун 3800 квадрат метр майдонга эга бўлса, «Alaiya» 9 та хонада 18 меҳмонни жойлаштириши мумкин. Яхта катта бўлмасада, ҳашаматга эга. Германиянинг «Lürssen Werft» кема ясовчи компанияси томонидан қурилган «Alaiya» 2019 йилда эгасига етказиб берилган, унинг ички ва ташқи кўриниши Лондонда жойлашган «Winch Design» томонидан амалга оширилган.